Ўзбекистон – Россия: дипломатик муносабатлар 28 йил давомида ўзаро ишонч ва очиқлик муҳитида ривожланди
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
ТОШКЕНТ, 20 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон билан Россия ўртасида икки томонлама ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга. Мамлакатларимизнинг умумий тарихи, маданий яқинлиги, шунингдек, икки давлат раҳбарларининг мунтазамлик касб этган учрашувлари тарихий алоқалар ривожида муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил февраль ойида Россия Федерациясига ташрифи ўзаро ҳамкорлик алоқаларида янги саҳифа очди.
Россия Федерацияси 1992 йилнинг 20 март санасида мамлакатимиз мустақиллиги ва суверенитетини тан олди ва шу тариқа ўзаро муносабатларнинг замонавий даври бошланди. Бугун, 20 март куни икки мустақил давлат алоқаларига 28 йил тўлди.
Ўтган давр мобайнида таълим, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда имзоланган 340 дан ортиқ ҳужжат дипломатик алоқаларни ривожлантиришда мустаҳкам пойдевор яратди.
Сиёсий мулоқотни янада чуқурлаштириш ҳақида гап кетганда, Президентларимиз ўртасидаги доимий мулоқот ва учрашувлар аҳамиятини алоҳида таъкидлаш керак. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг апрель ойида Россияга ташриф буюрди. Унинг якунлари бўйича қўшма баёнот, 50 га яқин ҳукуматлараро, идоралараро битимлар, шунингдек, 16 миллиард долларлик шартномалар имзоланди.
Владимир Путиннинг 2018 йил октябрь ойида Ўзбекистонга жавоб ташрифи ҳам ёдда қоларли бўлди. Тошкентда ўтказилган учрашувда икки давлат раҳбарлари иқтисодий, инновацион, маданий, гуманитар, таълим, бандлик ва ҳарбий-техник соҳаларда 25 миллиард долларга тенг 20 та ҳужжатни имзолади. Унинг доирасида манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган 80 дан ортиқ учрашувлар ташкил этилди.
Икки мамлакат ташқи сиёсат идораларининг мулоқотлари ҳам очиқлик тамойили асосида дўстона руҳда олиб борилмоқда. Ўзбекистон ва Россия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2020 йил январь ойида 2020-2021 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди. Шу билан бирга, 2019 йилда Екатеринбург, Қозон ва Ростов-Донда Ўзбекистоннинг Бош консулхоналари очилди.
Натижада маҳсулот етказиб бериш учун янги бозорлар очилди, иш ўринлари яратилди. Сўнгги уч йилда икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик йўналиши сезиларли даражада кенгайди ва Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Савдо айланмаси ҳажми 2019 йилнинг январь-ноябрь ойларида 14,1 фоизга ўсиб, 5,8 миллиард долларга етди. Бугунги кунда ҳар икки мамлакат товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиардгача оширишга қизиқиш билдирган. Ўтган йили бизнес вакилларидан иборат делегацияларнинг 130 та ташрифи чоғида бу каби мақсадларга эришиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Россия 2025 йилга қадар 25 миллиард долларлик савдо-иқтисодий ва сармоявий лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган. Ҳозирги вақтда Россиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармояси 9 миллиард долларни ташкил қилмоқда.
Ўзбекистонда атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш йўлида Россия билан ҳамкорлик қилмоқда. Бу икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифадир.
Маданий-гуманитар алоқалар давлатлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришнинг муҳим шартидир. Россия билан ушбу йўналишдаги ҳамкорлик тарихи эса узоқ даврга бориб тақалади.
Тошкентда ўтган йили Россия маданий марказининг 25 йиллиги кенг нишонланди. Россиянинг етакчи университетлари ректорлари иштирокида ўтказилган «Янги иқтисодиёт учун янги кадрлар» форумида эса таълим ва фан йўналишида, жумладан, Ўзбекистонда Россиянинг етакчи олий ўқув юртлари филиалларини очиш тўғрисида 100 дан ортиқ шартнома имзоланди.
Таълим соҳасига эътибор икки давлат раҳбарларининг доимий диққат марказида. Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларда ҳам бу ўз аксини топди. Битимлар орасида 2019-2021 йилларга мўлжалланган маданий ва гуманитар соҳада ҳамкорлик дастури, Жиззах вилоятидаги Суффа платосида йирик радиотелескоп ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ва Россиянинг етакчи олий ўқув юртлари филиалларини ташкил этиш тўғрисида келишувлар бор.
Олий даражадаги ташрифлар натижаси бўйича Олмалиқ шаҳрида Москва пўлат ва қотишмалар институти филиали ташкил этилди. Шунингдек, бугунги кунда Тошкентда Москва давлат университети, Россия иқтисодиёт академияси ва Россия давлат нефть ва газ университети, Москва давлат халқаро муносабатлар институти ҳамда Россия Миллий илмий-тадқиқот ядро университети Москва муҳандислик физикаси институти филиаллари фаолият олиб бормоқда.
Кадрлар тайёрлаш ва илмий алмашинувларни ривожлантириш мақсадида Тошкентда Москва давлат халқаро муносабатлар институти битирувчиларининг V халқаро форуми ва “Валдай” халқаро мунозара клубининг Х Осиё конференцияси маданий ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.
Мухтасар қилиб айтганда, ўтган 28 йил давомида Ўзбекистон билан Россия ўртасида эришилган замонавий муносабатлар даражаси, шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари мамлакатларимиз фаровонлигига хизмат қилиб, тенг шериклик ва иттифоқчилик алоқаларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш имконини берди.