Ўзбекистон-Россия: стратегик шерикликнинг янги босқичи сари муҳим қадам
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5-7 октябрь кунлари расмий ташриф билан Россия Федерациясида бўлади.
Сўнгги йилларда кўп қиррали Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги мисли кўрилмаган даражага кўтарилди.
2022 йил 15 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Ўзбекистон ҳамда Россия ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни имзоладилар. Ҳужжатни имзолаш маросими Россия раҳбари расмий ташриф билан бўлган Самарқанд шаҳрида ўтказилган самарали музокаралар якунлари бўйича бўлиб ўтди.
Самарқанд декларацияси Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги ривожида янги босқич бўлиб, ўзаро алоқаларга, айниқса яқин ва динамик тус берди. Ҳужжат сиёсий, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда қатор аниқ йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.
Икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари учун Президент Владимир Путин ташриф чоғида Президент Шавкат Мирзиёевга Россиянинг Александр Невский орденини топширди.
Қайд этиш жоизки, Александр Невский ордени билан Россия билан кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва унинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига кўмаклашишда хизмат кўрсатган атоқли хорижий сиёсат ва жамоат арбоблари мукофотланади.
Расмий Тошкент ва Москва Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашдан манфаатдор ҳамда глобал муаммоларни ҳал қилиш, шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича бир-бирининг ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.
Айни пайтда икки мамлакат парламентлари ва ҳудудлари ўртасида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. Томонлар барча даражаларда жадал ва кенг кўламли мулоқот олиб бормоқда. Хусусан, ўзаро ҳамкорликнинг уч босқичли ноёб тизими: Бош вазирлар даражасидаги қўшма комиссия, Ҳукуматлараро комиссия ва унинг қуйи қўмиталари шакллантирилди. Икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасида тизимли асосда самарали мулоқот ривожланиб бормоқда.
Икки томонлама парламентлараро ҳамкорлик фаол ривож топаяпти. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ўртасида ҳамкорлик бўйича комиссия ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Федерал Мажлиснинг Давлат думаси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ тузилди.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги қонунчилик базаси 350 дан ортиқ ҳужжатларни ўз ичига олади.
Ўзбекистон ва Россия БМТ, МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа глобал ҳамда минтақавий тузилмалар доираларида яқиндан ҳамкорлик қилади, бир-бирининг ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлайди. БМТ платформасида ўзаро ҳамкорлик Бош Ассамблея кун тартибидаги асосий масалалар ва томонлар томонидан илгари сурилган ташаббуслар бўйича позицияларни ўзаро қўллаб-қувватлаш орқали амалга оширилади.
Россия томони БМТга аъзо давлатлар томонидан Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги ядро қуролидан холи зона (МОЯҚХЗ) тўғрисидаги Шартнома бўйича позициясини кенг қўллаб-қувватлашга кўмаклашди, МОЯҚХЗ бўйича Бош Ассамблеянинг резолюцияларини қўллаб-қувватлашда изчил иштирок этди (иккинчиси Бош Ассамблеянинг 75-сессиясида овозга қуйилмасдан қабул қилинди). Бундан ташқари, Россия Шартномага хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги Протоколни имзолади ва ратификация қилди.
Россия, шунингдек, Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган «Маърифат ва диний бағрикенглик» (2018), «Барқарор туризм ва Марказий Осиёда барқарор тараққиёт» (2019), «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш» (2021), «Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги» (2022) ва «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўрисида»ги (2022) резолюцияларни қўллаб-қувватлади ва ҳаммуаллифлик қилди.
Ўзбекистон–Россия турли масалалар бўйича икки ва кўп томонлама форматдаги ҳамкорликнинг муҳим ҳамда долзарб жиҳатлари бўйича икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасида мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистоннинг 2021-2022 йилларда ШҲТга раислиги даврида Россия томони ўзбек томонининг деярли барча ташаббусларини, хусусан, транспорт алоқаси, туризм, «ақлли» қишлоқ хўжалиги, рақамли саводхонлик, телемедицина, ШҲТда минтақа ичидаги савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси ва бошқа соҳаларда ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича қўллаб-қувватлади.
Россия томонининг қўллаб-қувватлаши ШҲТ саммитининг Самарқанддаги якунларига ижобий таъсир кўрсатди, натижада ташкилот фаолиятининг турли йўналишлари бўйича рекорд даражадаги 44 та ҳужжат қабул қилинди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқалар фаол кенгаймоқда. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида ўтган йил якуни ва жорий йилнинг ўтган етти ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиши 20 фоиздан ошди. Шу билан бирга, ўзаро товар айирбошлаш тузилмаси бугунги кунда 70 фоизни юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ташкил этади. 2022 йилда Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида 967 та корхона ташкил этилган.
Саноат кооперацияси жадал ривожланмоқда. Сўнгги йилларда тоғ-кон ва металлургия, ёқилғи-энергетика, кимё, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, тўқимачилик ва бошқа соҳаларда 100 дан ортиқ қўшма лойиҳалар амалга оширилди.
2022 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Россия саммити якунларига кўра, машинасозлик, кимё, нефт-кимё ва геология соҳаларида умумий қиймати 4,6 миллиард долларлик янги инвестиция келишувлари тўплами имзоланган эди.
Саноат-технологик шерикликни, биринчи навбатда, электроника, фармацевтика, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантириш бўйича қўшма Комплекс чора-тадбирлар режаси қабул қилиш учун ишлаб чиқилмоқда.
Кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришда бевосита ҳудудлараро алоқалар муҳим ўрин тутади. Биргина жорий йилнинг биринчи ярмида икки мамлакат минтақавий етакчиларининг 50 га яқин ўзаро ташрифлари амалга оширилди.
2018 йилнинг 19 октябрь куни Тошкент шаҳрида биринчи «Ўзбекистон-Россия» минтақалараро форуми бўлиб ўтди. Президент Владимир Путиннинг давлат ташрифи ва Минтақалараро форум якунлари бўйича 136 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
2021 йил 17 ноябрь куни Москвада иккинчи форум бўлиб ўтди. Унинг якунлари бўйича, жами 9 миллиард долларлик 600 га яқин икки томонлама шартномалар, жумладан, 7,4 миллиард долларлик 141 та инвестиция лойиҳаси ва 1,6 миллиард долларлик 455 та экспорт шартномаси тузилди.
4 октябрь куни Қозон шаҳрида учинчи форум бўлиб ўтди, унда ҳам икки томонлама шартномаларнинг муҳим пакети имзоланди.
Бой ва ранг-баранг маданий-гуманитар ҳамкорлик таҳсинга лойиқ. Ўзбекистон бугунги кунда Россия университетларининг хорижий филиаллари сони бўйича етакчи ҳисобланади. Сўнгги тўрт йил ичида мамлакатимизда Россиянинг 11 та етакчи университетларининг филиаллари очилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Россия олий таълим муассасаларининг жами 14 та филиали бор.
Сайёҳлар алмашинуви жадал ошиб бормоқда. Бу йил Ўзбекистонга келган россиялик сайёҳлар сони пандемиядан олдинги кўрсаткичлардан ошиб кетди.
Соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари, маданият ва санъат намояндаларининг ўзаро ташрифлари фаол қўллаб-қувватланмоқда. Икки давлат театрлари гастроллари, маданият кунлари ўзаро асосда ташкил этилаётир. Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали, Халқаро бахшичилик санъати фестивали, Тошкент халқаро кинофестивали ва бошқа маданий тадбирларда Россиядан ижодий гуруҳлар мунтазам қатнашяпти.
Мухтасар айтганда, томонлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга содиқдирлар ва мамлакатимиз раҳбарининг Россия Федерациясига бўлажак расмий ташрифи илгари эришилган келишувларни амалий амалга оширишга, халқларимиз манфаати учун узоқ муддатли ва кўп қиррали Ўзбекистон-Россия алоқаларини изчил мустаҳкамлашга хизмат қилади.
«Дунё» АА