Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий ва Жанубий Осиё омили

SHAVKAT MIRZIYOYEV Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O’zbekistonning Investitsion Salohiyat Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий ва Жанубий Осиё омили

Халқаро муносабатлар тарихий тадрижий тараққиётининг турли босқичларида минтақалар ва у ерда қўним топган “тирик организм”лар – давлатлар географияси ўзгариб келганганлиги барчага маълум.

Жаҳон сиёсий харитасидаги бундай ўзгаришларда географик детерминизм, яъни маълум бир макондаги воқеа-ҳодисалар ҳамда у ерда яшаётган халқлар турмуш тарзининг ўзаро алоқадорлиги ва сабабий боғланиши бирламчи омил сифатида намоён бўлган.
Вақти билан етакчи давлатлар томонидан географик детерминизмнинг инкор этилиши ва дунё минтақаларини ўз назорати остига олиш учун курашлари анъанавий тарзда ягона борлиқда яшаб келаётган халқларнинг бир-биридан узоқлашишига, улар яшаб келаётган маконларнинг (минтақаларнинг) бўлинишига, миллий ва тарихий монандлик шукуҳининг бузилишларига сабаб бўлган. Оқибатда ягона бир минтақага нисбатан ҳам географик, ҳам сиёсий жиҳатдан тавсиф бериш услубияти шаклланган.
Масалан, “Катта ўйин” (Greate Game) концепциясининг амалиёти билан Марказий Осиё ҳамда Жанубий Осиё узоқ йиллар давомида бир-биридан ажратилган ҳолда тавсифланди. Улар ўртасидаги географик майдонга нисбатан “Ўрта Шарқ” топоними рус илмий мактаби вакиллари томонидан киритилган. Шу тариқа Афғонистон Ўрта Шарқ давлатларидан бирига айланди. Қолаверса, “чор Россияси, кейинчалик собиқ Иттифоқ томонидан Марказий Осиё томон йўналтирилган транспорт йўлаклари Афғонистон чегарасида тугаган бўлса, инглизлар (Буюк Британия ) қурган темир йўллари эса Афғонистоннинг жанубий чегараларига ҳам етиб келмади”.
Оқибатда қарийб икки юз йил давомида Афғонистон икки куч маркази таъсир доираларини бир-биридан ажратиб турувчи буфер маконга айланганлиги, геосиёсий рақобат унинг аянчли тарихий тақдирини ҳам белгилаб берганлиги, қолаверса, Афғонистон ҳудуди Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий алоқалар тараққиётига тўсқинлик қилувчи омиллардан бири бўлиб келганлиги барчага маълум.

Марказий Осиё геосиёсий концепциялар объектида
XXI аср бошларидан Марказий ва Жанубий Осиёга нисбатан янгича минтақавий ёндашувлар пайдо бўлиб, улар етакчи давлатлар ташқи сиёсатидаги институционал ўзгаришлар ёки аниқ бир геосиёсий концепциялар орқали талқин этилган.
Масалан, Америка Қўшма штатларининг (АҚШ) Марказий Осиё сиёсатини ретроспектив таҳлил қилганимизда, 2005 йилдан давлатнинг Марказий Осиё минтақасига нисбатан сиёсати институционал ўзгаришларга эгалиги билан тавсифланади. АҚШ Давлат департаментида Марказий Осиё масалалари билан Европа ва Евроосиё масалалари бўйича бюро шуғулланиб келган бўлса, 2006 йил бошидан мазкур тузилма базасида Жанубий Осиё масалалари бўйича бюро ташкил этилиб, у бевосита Марказий Осиё давлатлари (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон), Афғонистон, Ҳиндистон ва Покистон билан алоқаларга масъул қилиб белгиланди. Ўз вақтида К.Райс бундай ёндашувлар “... биз нима қилмоқчи эканлигимизни кўрсатади, яъни мазкур минтақа интеграцияга мухтожлиги ҳақида ўйлашимиз керак ва бу биз учун жуда муҳим мақсад ҳисобланади”, – деб изоҳлаган эди.
АҚШнинг Марказий ва Жанубий Осиёга нисбатан минтақавий сиёсатини “шакллантириш”га қаратилган илмий ёндашувлар ҳам бўлган. Бу жиҳатдан Жон Хопкинс университетининг Поль Нитц номли Халқаро тадқиқотлар олий мактаби қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ институти томонидан “Катта Марказий Осиёда ҳамкорлик ва ривожланиш учун шериклик” (2005) номли лойиҳанинг эълон қилинганлигини эслашимиз мумкин. Лойиҳанинг асосий тезислари мазкур институт бошлиғи Ф.Старр томонидан “Марказий Осиё учун шериклик” номли мақолада берилган.
Муаллиф АҚШ маъмуриятининг Марказий Осиё ва Афғонистонга нисбатан ўша пайтдаги минтақавий ёндашуви ҳамда у билан боғлиқ минтақавий сиёсатни танқид остига олади. Унинг фикрича, “АҚШ ҳукуматидаги географик бўлинишлар қарор қабул қилувчиларга Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ягона минтақани ташкил этишини тушунишларига тўсқинлик қилмоқда”. Бу ўз навбатида “Марказий Осиёга нисбатан ички мувофиқлаштирилган сиёсатни ишлаб чиқишга имкон бермайди”.
Шу тариқа АҚШнинг минтақага нисбатан расмий сиёсатида “Катта Марказий Осиё” лойиҳаси тўлиқ ўз аксини топмади. Ёндашувлардаги концептуал фарқ шундаки, институт томонидан илгари сурилган “Катта Марказий Осиё” лойиҳасида Афғонистонга минтақавий жараёнларнинг бош омили сифатида қаралган. Расмий Вашингтон томонидан қабул қилинган Миллий хавфсизлик стратегиясида (2006) эса Марказий Осиё “Жанубий ва Марказий Осиё” қисмига киритилиб, “Жанубий ва Марказий Осиё фавқулодда стратегик аҳамиятга эга минтақа бўлиб, бу ерда америкаликлар манфаатлари ва қадриятлари илгари ҳеч қачон бўлмаганидек иштирок этади”, – деб қайд қилинган. Шунингдек, ҳужжатда таъкидланишича, АҚШнинг “Жанубий Осиё давлатлари билан алоқалари Марказий Осиё ишларига чуқурроқ жалб этилишига асос бўлиши мумкин” ва “Афғонистон бу икки муҳим минтақа – Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги тарихий кўприк ролини ўз зиммасига олади”.
Марказий Осиё “ишларига аралашиш”га қаратилган бундай ёндашувлар ортидан экспертлар доирасида янги геосиёсий концепция, масалан, “Катта Жанубий Осиё” лойиҳаси ҳақидаги фикрлар ҳам юзага чиқди. Баъзи сиёсатшунослар назарида “Катта Марказий Осиё” ғоясига нисбатан “Катта Жанубий Осиё” янада жозибали кўринади ва кўпроқ ўзига тарафдорларни жалб қилишга қодир (АҚШнинг ўзида ва халқаро миқёсда ҳам). Афғонистон ва Марказий Осиёнинг боғлиқлик ғоясини АҚШ маҳаллий даражада – Марказий Осиёдагина амалиётга тадбиқ этиши мумкин”. Шунингдек муаллиф, 2005 йилдаёқ АҚШнинг янгича минтақавий сиёсати орқасидан Марказий Осиё ва Жанубий Осиё “биз томонидан “Катта Жанубий Осиё” деб номлаган ягона минтақага бирлашди”, – деб мухтасар фикрини айтган эди.
Воқеалар ривожи Марказий ва Жанубий Осиё минтақасига нисбатан институционал ёндашувларнинг объектив реалликка мос келмаслигини ёки геосиёсий концепцияларнинг илмий жиҳатдан асосланмаган парадигмалар қобиғида қолиб кетганлигини кўрсатди.
Фикримизча, бунинг сабаблари қуйидагилардан иборат:
биринчидан, ёндашувларда Марказий ва Жанубий Осиёдаги конфликтли ҳолатлар, уларнинг ечими ёки қарама-қарши томонлар манфаатлари билан муросага келишиш эмас, бирламчи омил сифатида транскоммуникацион алоқалар, иқтисодий лойиҳалар ва шу каби бошқа масалаларга қаратилган манфаатли популистик қарорларга урғу берилган. Тўғри, бундай лойиҳалар керак, бироқ уларни амалга оширишда реал шарт-шароитларни (конфликтлар муҳитини) инобатга олмаслик ортидан узоқ йиллар давомида қабул қилинган қарорлар амалиёти парадоксга айланди;
иккинчидан, анъанавий тарзда минтақага кенг кўламли рақобат майдони сифатида қаралган. Илгари сурилган концепциялар амалиётида консенсусдан кўра конфликт шукуҳи устуворлигича қолаверди. Англо-саксонлар учун биринчи навбатда Марказий Осиёни сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан Россияга боғлиқликдан чиқариш, жануби-шарқ томондан муқобил коридорлар бўйича лойиҳаларни молиялаштириш билан минтақа табиий ресурслари устидан чекланмаган назоратни қўлга киритиш, Туркия, Эрон, Хитой, кейинчалик бу жараёнга қўшилган Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп томонлама рақобатга чек қўйиш ўта муҳим ҳисобланган. Минтақанинг геосиёсий истиқболига бевосита ушбу омиллар асосида тавсиф берилган.
XXI асрнинг охирги беш йилида Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида юз бераётган геосиёсий жараёнлар етакчи давлатларнинг минтақага нисбатан муносабатларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда. Масалан, АҚШ маъмурияти 2020 йил февралида 2025 йилгача мўлжалланган Марказий Осиё бўйича янги стратегияни қабул қилган. Мазкур Стратегия Ўзбекистон ташқи ва ички сиёсатида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, минтақавий ҳамкорликдаги тараққиёт шукуҳи ортидан АҚШнинг минтақага нисбатан ёндашувларида янгича қарашларни ўзида акс эттирганлиги билан аҳамиятли. Жумладан, узоқ йиллар давомида АҚШ ва НАТОнинг Афғонистонда ҳарбий иштирокининг сезиларли даражада кучайганлиги ортидан, Афғонистоннинг Марказий Осиё минтақасига мансублиги ёки минтақа давлатлари билан муносабатларда Афғонистоннинг аниқлаб берувчи омил эканлиги ҳақидаги қарашлари ўзгарган. Қолаверса, Стратегия тақдимотида АҚШ томони “Марказий Осиёга геостратегик аҳамиятга эга бўлган минтақа сифатида” қараши ҳамда “Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик жараёнини Америка-Афғонистон муносабатларидан ажратиш”га, ўзаро алоқаларнинг минтақа атрофидаги давлатлар, хусусан, Афғонистонда АҚШнинг иштирокига алоқадор эмаслигига урғу берган.
Бу жиҳатдан АҚШнинг Марказий Осиёда “С5+1” мулоқот форматидаги иштироки орқали ҳамфикр ҳамкорлар билан маслаҳатлашиш истагини билдирганига эътибор қаратиш мумкин. Қолаверса, бундай ёндашув давлат сиёсатининг “янги таркибий қисми бўлиб, у Марказий Осиёга нисбатан ҳар томонлама мувофиқ ва аниқ ғарб ёндашувини илгари суради”.
Аксарият “марказийосиёшунос”ларнинг анънавий равишда У.Черчилга мурожаат қилиб, минтақани “ўз тимсоҳини кутиб турган соғин сигир”га ўхшатиши ўз интиҳосини топган дейиш мумкин. Бугун Марказий Осиё давлатларининг ҳеч бир ташқи босимларсиз ўз манфаатларидан келиб чиқиб ҳамкорларни танлаши масаласи реал воқеликка айланди. “Марказий Осиё барча учун очиқ минтақага айланиш тарафдори ва минтақада ҳеч бир давлатнинг мутлоқ устунлиги ўрнатилишини истамайди. Мустақил ташқи сиёсат юритиш ҳамда муқобил ривожланиш йўлларига эга бўлиш” Марказий Осиёнинг истиқболини белгилаб беради. Етакчи давлатлар томонидан қўллаб-қувватланаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувларининг ҳам асосий мақсади шунга қаратилган.

Марказий ва Жанубий Осиё ягона геосиёсий макон
Марказий Осиё – асрлар давомида қондош халқлар тинч ва тотув яшаб келаётган жаҳондаги кам сонли минтақалардан биридир. 3 962 790 км.кв. ер майдонига (Осиё минтақасининг 10%) эга бўлган Марказий Осиё минтақаси аҳолиси 75 млн.дан ортиқ ва бу дунё аҳолисининг қарийб 1%ни ташкил қилади. Жаҳон миқёсида ушбу кўрсаткичлар кам бўлиши мумкин, бироқ “тез ўсиб бораётган минтақавий масъулиятли давлат” – Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари билан дунё нафақат Марказий Осиё, балки Жанубий Осиёни ҳам қайтадан кашф этмоқда.
Жанубий Осиё эса Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Непал, Бутан, Шри-Ланка ва Мальдив республикаси ҳудудларини қамровига олган Осиёнинг бир мезоминтақаси ҳисобланади. Минтақа геостратегик жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлиб, унинг умумий майдони 4,5 млн.км.кв иборат. Бу кўрсаткич бутун Осиёнинг 10%и ва дунёдаги қуруқликнинг 3%и демакдир. Аҳолиси эса Осиёнинг 38%ини, дунё аҳолисининг эса 23%ни ташкил этади.
Осиё макроминтақасининг икки мезоминтақаси ҳақидаги ушбу қайдларни статистик маълумотлар сифатида қабул қилишимиз мумкин. Ваҳоланки, жамоатчилик тарихан Марказий ва Жанубий Осиёга бир макон сифатида қараб келган. Минтақалар халқлари нафақат яқин давлатчилик муносабатлари, маданий яқинлиги билан бир-бирига алоқадор, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам ўз вақтида “Буюк Ипак йўли”нинг муҳим бўғинларидан бири бўлган. Айнан геоиқтисодий омил асосида Марказий ва Жанубий Осиё ягона макон сифатида қайтадан ўзини намоён этмоқда.
Бугун Марказий ва Жанубий Осиё қандайдир “terra incognita” эмас, кечаётган жараёнлар шаклан минтақавий кўринишда бўлиши мумкин, моҳиятан юз бераётган воқеалар тавсифи халқаро сиёсат предметига дахлдор. Марказий ва Жанубий Осиёда янгича трансформацион жараёнлар шаклланмоқда. Бу эса минтақанинг “глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлаш” масалалари билан бевосита боғлиқ. Қолаверса, жараёнлар трансформацияси бевосита янги Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган янгича минтақавий сиёсат натижаси, десак муболаға бўлмас.
Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиёни бир-бири билан боғловчи давлат ҳисобланади. Истиқболли иқтисодий муносабатлар учун ҳар иккала минтақа давлатлари Афғонистонга муҳим ҳамкор ва имкониятлар мамлакати сифатида қараши муҳим ўринга эга.
Фикримизча, Афғонистон муаммосининг асл сабаби охир оқибатда Марказий ва Жанубий Осиё хавфсизлиги ўз мувозанатини йўқотганида ётади. Бўлинмас хавфсизлик тамойилига мувофиқ мувозанатли, самарали ва барқарор Марказий ва Жанубий Осиё хавфсизлик тизимини қайта қуриш зарур, фақат шу йўл билан Марказий ва Жанубий Осиёда барқарорлик ва узоқ муддатли тартибни ҳақиқатдан ҳам таъминлаш мумкин. Мазкур давлатдаги ички сиёсий беқарорликнинг барҳам топиши Марказий ва Жанубий Осиё учун узоқ вақт узилган алоқаларни тиклаш ортидан кенг кўламли иқтисодий мегалойиҳаларга имкон бериши табиий.
Мана шундай мегалойиҳалардан бири “Қобул йўлаги” ҳисобланади. “Мовий океан стратегияси” тамойили асосида Афғонистон орқали темир йўл қуриш Ўзбекистон учун амалий аҳамиятга эга.
Экспертлар фикрича, агар 1991-2017 йиллар давомида Ўзбекистон Хитой ёки бошқа Осиё давлатларига олиб чиқадиган темир йўллари қурганида эди, давлатнинг иқтисодий ривожи учун қўшимча бозорлар пайдо бўларди. Давлатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархи, экспорт йўл харажати қарийб 70%га камайиши мумкин эди.
Шунинг натижаси ўлароқ, Президент Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, ҳалигача Ўзбекистон маҳсулотларини Россия ва Қозоғистон орқали экспорт қилишга тўғри келмоқда. Афғонистон орқали темир йўл қурилиши бошланиши билан Ўзбекистон ўзининг экспорт бозорларини диверсификация қилиши, қўшни давлатлар эса ўзбек маҳсулотларига транзит тарифларини пасайтириши кутилмоқда.
Марказий Осиё учун Жанубий Осиёнинг аҳамияти транспорт-коммуникация тизими билан боғлиқ. Айнан Жанубий Осиё Марказий Осиё давлатлари учун энг қисқа денгиз йўлларига чиқиш имконини беради. Денгиз йўлларига нисбатан чегараланганлик иқтисодий тараққиётимиз учун тўсқинлик қилувчи омиллардан бири эканлиги ҳаммага маълум. Эътибор беринг, денгизга чиқишга имконияти чегараланган давлатлар экспорт даромадининг 18%и транспорт харажатларига тўғри келса, денгизга имконияти бор давлатлар эса 9% сарфлайди. Бу жиҳатдан “Қобул йўлаги”нинг геостратегик аҳамиятга моликлигини кўриш мумкин.
Ўз навбатида Жанубий Осиё учун Марказий Осиёнинг геоиқтисодий жиҳатдан ўрни катта. Марказий Осиё минтақаси Жанубий Осиё давлатларини Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатлари билан боғловчи муҳим кўприк ҳисобланади. Бундай муҳит Жанубий Осиё давлатларининг қуруқлик орқали Россия Федерацияси, Белорусь, Украина, Болтиқбўйи ва Кавказ минтақаси давлатлари билан иқтисодий муносабатларни амалга ошириш имконини беради. Бу биринчидан. Иккинчидан, Жанубий Осиё “Қобул йўлаги” орқали Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой халқаро темир йўли билан боғланиши табиий. Оқибатда Евроосиёнинг 4 та кучли минтақалари – Европа, Россия, Хитой, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасида геоиқтисодий ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар юзага келади.

Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўзаро алоқадор минтақа

Йўл – бу ҳаёт демакдир. Бу жиҳатдан Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари учун “Қобул йўлаги”нинг амалий аҳамияти қуйидагилар билан боғлиқ:
1) ҳар қандай йўлак ўзида қанча юк ташиш имконини бериши билан иштирокчи давлатлар учун аҳамиятли ҳисобланади. Бу жиҳатдан трансафғон темир йўлининг ишга туширилиши билан йилига 20 млн тоннагача юк ташиш имконияти юзага келади;
2) давлатлар ўртасидаги иқтисодий савдо-сотиқда вақт масаласи муҳим саналади. “Қобул йўлаги”нинг амалиёти билан вақт масаласи 50%га – 30 кундан 15 кунга қисқариши кутилмоқда;
3) йўлакнинг ишга тушиши билан Марказий Осиё давлатлари учун денгиз йўлларига чиқишнинг муҳим бир йўналиши очилади. Амалда фойдаланиб келинаётган халқаро транскоммуникация йўлларидан “Қобул йўлаги”нинг афзаллиги транспорт харажатларининг 30-35%га камайишига шарт-шароитларни яратади;
4) трансафғон темир йўлининг Термиз – Мозори-Шариф йўлаги Ўзбекистон томонидан қуриб битказилган ва бугунги кунда йўлакнинг ушбу қисмидан фойдаланиб келинмоқда. Мозори-Шарифдан Пешаворгача бўлган 573 км қисми лойиҳа ҳолатида турибди. Халқаро темир йўлининг мазкур қисми Ҳиндиқуш тоғларидан ўтади. Йўлакдаги қурилиш денгиз сатҳидан қарийб 3500 м баландликка тўғри келиб ва бу кўрсаткич билан йўлак дунёдаги баланд тоғлардан ўтган темир йўллардан бири бўлиши кутилмоқда.
Бугун умумий тарих, маданий яқинлик ва географик жиҳатдан қўшни минтақалар бўлишига қарамасдан, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик кўрсаткичлари паст даражада. Масалан, 2020 йилда Марказий Осиё давлатларининг дунёдаги турли минтақалар мамлакатлари билан ўртасидаги умумий савдо айланмаси 170 млрд АҚШ доллари атрофида бўлган.
Агар буни 100% деб олсак, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги кўрсаткич 2,5%га тўғри келади, яъни 4 млрд АҚШ доллар атрофида бўлган. Ваҳоланки, Жанубий Осиё давлатлари аҳолиси қарийиб 2 млрд киши ва минтақа динамик тараққиётдаги бозорга эга. Жанубий Осиёнинг йиллик ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) бўйича ўсиши 6-7%га ва ЯИМ миқдори 3,4 трлн АҚШ долларни ташкил этади.
Шу ўринда Ҳиндистонга эътиборни қаратсак. Жанубий Осиёнинг асосий қисми Ҳиндистонга тўғри келади ва бу давлат географик жиҳатдан минтақанинг марказидир. Бошқа давлатлар эса унинг атрофида жойлашган. Фақат Ҳиндистон Жанубий Осиёнинг барча давлатлари билан қуруқлик ва сув орқали чегарадош. Қолаверса, Жанубий Осиё минтақаси ҳудудининг 73,4%, аҳолининг 76,5% ҳамда минтақадаги жами ялпи миллий маҳсулотнинг (ЯММ) 80% ҳам биргина Ҳиндистонга тўғри келади. Ушбу қайдлар Ҳиндистоннинг минтақада маълум жиҳатдан афзалликларга эгалигини кўрсатади.

Минтақавий муносабатларнинг истиқболлари
Марказий ва Жанубий Осиёдаги ўзаро алоқадорлилик ва ҳамкорлик учун кенг имкониятлар мавжуд. Айнан “Қобул йўлаги”нинг амалиёти фойдаланиб келинмаётган имкониятларга керакли шарт-шароитларни яратиб бериши мумкин.
Фикримизча, Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги, янгича геоиқтисодий лойиҳаларнинг юзага келаётганлиги янги Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган аҳил қўшничилик сиёсатининг тадрижий ривожи сифатида қараш лозим. Ўзбекистон томонидан аҳил қўшничилик сиёсати биринчи навбатда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни назарда тутса, жараёнларнинг кейинги босқичи минтақанинг Жанубий Осиё билан ҳам боғлиқлигини кўрсатмоқда. Аҳамиятли томони, Марказий ва Жанубий Осиё қандайдир интеграцион тузилмаларни яратиш ва улар орқали бирлашишни эмас, балки сиёсий жиҳатдан институтлашмаган (интеграциясиз) ҳамкорликни афзал билмоқда. Бундай ёндашув Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг, жумладан, Ўзбекистоннинг истиқболли ташқи сиёсатининг натижалари сифатида баҳоланмоқда.
Бугун дунёнинг янгича трансформация ҳолатига ўтиши объектив реалликка айланди. Дунёда юз бераётган инқирозли ҳолатлар халқаро иқтисодий муносабатларга халқаро ҳаётнинг салбий ва ижобий томонларини кўрсатиш баробарида, ўзгараётган халқаро муҳитда давлатлар ташқи сиёсати учун янги имкониятларни очиб беришга ҳам хизмат қилмоқда. Бу жиҳатдан Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик парадигмаларининг ўзгараётганлиги ҳамда минтақалар давлатлари геоиқтисодий алоқаларидаги янгича тенденциялар кундалик ҳаётимизнинг долзарб масалаларига айланмоқда.

Бахром Хўжанов,
сиёсий фанлар номзоди

/«Дунё» АА/.