Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Ўзбекистон ташаббуслари Туркий давлатлар ташкилоти трансформациясида янги босқични бошлашга хизмат қилади

SHAVKAT MIRZIYOYEV Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O’zbekistonning Investitsion Salohiyat Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Ўзбекистон ташаббуслари Туркий давлатлар ташкилоти трансформациясида янги босқични бошлашга хизмат қилади

Жорий йилнинг 6-7 октябрь кунлари Озарбайжоннинг Габала шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) навбатдаги 12-саммити бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиқиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бир қатор долзарб масалаларга эътибор қаратди, ҳамкорликни ривожлантириш учун ниҳоятда муҳим бўлган ташаббусларни илгари сурди.

Мазкур таклифлар ТДТ доирасидаги барча ҳамкорлик йўналишларини
ва муҳокама марказидаги умумтуркий йирик лойиҳаларни қамраб олди. Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган ғоялар Ўзбекистоннинг “Туркий дунё” билан муносабатларни фаоллаштируви тактик эмас, балки узоқни кўзловчи – стратегик мақсадларга хизмат қилишини яна бир бор тасдиқлади.
Чунки Давлат раҳбари ўз нутқида бир қатор йирик йўналишлардаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш муҳимлигини таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг илгари сурган таклифлари ТДТ форматида кузатилаётган ижобий трансформацион ўзгаришларни янада мустаҳкамлаши кутилмоқда.
Бу, биринчи навбатда, туркий давлатлар сиёсий бирдамлиги
ва жипслигининг кучайишида ўз ифодасини топади. Ҳусусан, бўлиб ўтган
12-саммит доирасида Давлат раҳбари Туркий давлатлар ўртасида стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани
қабул қилиш тарафдори эканлигини таъкидлади.
Бу ғоя иштирокчи давлатлар раҳбарлари томонидан илиқ кутиб олинди. Сабаби юқоридаги битим ҳамкорликни ривожлантириш йўлида асосий сиёсий ҳужжат сифатида қардош халқларни янада яқинлаштириши, амалий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда мустаҳкам замин бўлиб хизмат
қилиши кутилмоқда.
Қолаверса, юқоридаги хужжатнинг кабул қилиниши Ўзбекистоннинг
ТДТ доирасида шунчаки иштирокчи давлат эмас, балки туркий макондаги давлатлараро муносабатларнинг истиқболдаги янги моделини шакллантиришдаги асосий субъектлардан бири бўлаётганлиги ҳақидаги қарашларни тўлақонли тасдиқлайди.
Чунки Ўзбекистон ўтган йилги ТДТ 11-саммитида қабул қилинган “Туркий дунё хартияси”нинг муаллифи ҳисобланади.
Бундан ташқари, мамлакатимиз иккитомонлама ҳамкорлик форматида
ҳам қардош давлатлар билан муносабатларни шартномавий-ҳуқуқий жиҳатдан бойитиш йўлидан кетмоқда.
Жумладан, агар 2019 йил Ўзбекистон ТДТга доимий аъзо бўлиб кирган бўлса, шу бугунга қадар бўлган тарихан қисқа муддат мобайнида, мамлакатимиз ташкилот иштирокчиси бўлган барча тарафлар билан муносабатларга
янги мақом беришга улгурди.
Бу Қозоғистон ва Озарбайжон билан алоқаларни иттифоқдошлик,
Туркия ва Қирғизистон билан кўптомонлама стратегик ҳамкорлик, Туркманистон ва Венгрия билан стратегик шерикчилик даражасига кўтарганлигимизда яққол акс этади.
Шу ўринда, таъкидлаш лозимки, юқоридаги хужжатлар амалий аҳамиятга
эга бўлиши учун давлатлараро муносабатлар кўптомонлама манфаатли бўлган йирик иқтисодий лойиҳалар билан бойитилиши лозим.
Шунинг учун Ўзбекистон Президенти ўз нутқида иқтисодий масалаларга устувор йўналиш сифатида эътибор қаратди. У мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда саноат кооперациясини чуқурлаштиришни асосий йўналиш сифатида кўришини билдирди. Бу сўзлар барча иштирокчи давлатларга иқтисодий кун тартибини кенгайтириш муҳимлиги ҳақидаги қатъий чорлов бўлиб янгради.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти Янги иқтисодий имкониятлар маконини шакллантириш муҳимлигини таъкидлади. Ушбу таклиф, биринчи навбатда, савдо, бизнес ва ўзаро инвестициялар учун энг қулай шароитларни, ҳуқуқий база ва инфратузилмани яратишни назарда тутади.
Мазкур ғояни амалга ошириш бўйича эса иштирокчи давлатларга
аниқ институционал механизмларни яратиш лозимлиги таъкидланди.
Жумладан, Давлат раҳбари Бош вазирлар ўринбосарлари томонидан бошқариладиган Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгашини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Саноат альянсини тузиш ва “Яшил трансформация” консорциумини яратиш каби таклифлар ҳам билдирилди.
Ўзбекистон Президенти эътибор қаратган яна бир иқтисодий йўналиш – транспорт соҳасидир. Жумладан, Давлат раҳбари ТДТ аъзолари томонидан амалга оширилаётган Ўрта коридорда Ўзбекистон иштироки муҳимлигини тасдиқлаб, мазкур транспорт йўлагини тўлдириши мумкин бўлган лойиҳаларга эътибор қаратди.
Шавкат Мирзиёев сўзларига кўра, Ўрта коридор ҳозирда қурилаётган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ва истиқболли Трансафғон йўлаги билан боғланса, кенг минтақамизда кўп тармоқли, стратегик магистраллар тизимини яратишга эришилади.
Қолаверса, мақбул транзит тарифларини қўллаш, рақамлаштирилган божхона тартиботини жорий қилиш ва халқаро транзит йўлакларини ривожлантиришда мувофиқлаштирилган сиёсат олиб бориш зарурлиги таъкидланди.
Юқоридаги барча ғоялар Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорликнинг моддий асосларини янада кучайтиришнинг йирик ташаббускорларидан
бири эканлигини кўрсатади.
Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиз туб манфаатларига тўлиқ жавоб беради. Чунки бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодий фаровонлиги ва ижтимоий барқарорлигини таъминлашда Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорликнинг аҳамияти юқори бўлиб қолмоқда.
Бу бир қанча омиллар билан боғлиқ.
Биринчидан, аъзо давлатларнинг Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар тизимидаги ўрни ортиб бормоқда. 2024 йилги сўнгги кўрсаткичларга кўра, мамлакатимизнинг “Туркий дунё” давлатлари билан савдо улуши қарийб
10 миллиард долларга яқинлашди. Мазкур кўрсаткич Ўзбекистон умумий ташқи савдосининг 15%ига тўғри келади. Бу эса, ўз навбатида, ТДТга аъзо ва кузатувчи мақомидаги давлатлар гуруҳи биргаликда Ўзбекистоннинг Хитой ва Россиядан кейинги учинчи муҳим савдо шериги эканлигини кўрсатмоқда.
Боз устига туркий макон савдо шериги сифатида бошқа ҳамкорлардан
ўз устуворликларига эга.
Чунки Ўзбекистоннинг ТДТ билан савдо айланмасида экспорт ва импорт хажми нисбатан мувозанатлашган. Шунингдек, савдо структураси ҳам диверсификациялашган. Яъни, Ўзбекистон экспортида қўшимча қийматли тайёр маҳсулотлар сегменти устунлик қилади.
Қолаверса, туркий мамлакатлар Ўзбекистондаги ички иқтисодий фаолликни рағбатлантириш ва янги иш ўринларини яратишда муҳим рол ўйнамоқдалар. Масалан, мамлакатимиздаги ТДТ аъзолари капитали иштирокидаги корхоналар сони изчил ўсиш динамикасини намоён этмоқда.
2025 йилда уларнинг миқдори 4 мингга яқинлашди. Бу 2019 йилга нисбатан
60% ўсишни англатади. Натижада эндиликда Ўзбекистонда чет эл капитали иштирокидаги корхоналар умумий миқдорининг 20% и ТДТга тўғри келмоқда.
Иккинчидан, ТДТ аъзолари ўртасида иқтисодий ҳамкорликнинг ҳали тўлиқ рўёбга чиқарилмаган йирик имкониятлари мавжуд.
Жумладан, ТДТ давлатлари ўзларининг катта инсон капитали,
хом ашё ресурслари ва саноат потенциалига эга эканликларидан унумли фойдаланган ҳолда устуворликка эга соҳаларда саноат кооперациясини йўлга қўйишлари мумкин.
Мазкур жараёнлар умумтурк брендининг вужудга келишига олиб келиши мумкин. Натижада ТДТ маконида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлиги бир неча баробар ортади.
Шу ўринда бугунги кунда саноат кооперациясини мустаҳкамлаш учун барча қулай шароитлар мавжудлигини ҳам алоҳида эътиборга олиш лозим.
Бу биринчи навбатда туркий давлатларнинг стратегик муҳим географик жойлашуви билан боғлиқ.
Туркий макон мамлакатлари географик афзалликларидан самарали фойдаланиш орқали халқаро савдо муносабатлари ва глобал таъминот занжирларидаги тарихий етакчи мақомларини тиклашлари мумкин.
Шу билан бирга, ТДТ аъзоларининг турли иқтисодий бирлашмалардаги иштироклари уларга учинчи давлат бозорларига чиқиш имконини
янада енгиллаштиради.
Масалан, Қозоғистон ва Қирғизистон Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи аъзоларидир. Ўзбекистонда Жанубий Осиё билан ҳамкорлик учун инфратузилма мавжуд. Озарбайжоннинг Каспий денгизида портлари бор. Венгрия Европа Иттифоқининг аъзоси. Туркия, гарчи Европа Иттифоқи аъзоси бўлмасада, 1995 йилдан бери Европа божхона иттифоқининг бир қисмидир.
Бундан ташқари, ТДТ мамлакатлари ўртасида саноат кооперациясининг муваффақиятли намуналари аллақачон мавжуд.
Масалан, UzAuto Motors, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбайжондаги ҳамкорлари билан биргаликда бир қанча Chevrolet автомобил ишлаб чиқарувчи заводларни ташкил этди. Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари LC Waikiki ва DeFacto каби турк брендлари учун кийим-кечак ишлаб чиқаради.
Ўзбекистоннинг Global Textile компанияси ҳозирда Озарбайжонда тўқимачилик кластери лойиҳасини фаол ривожлантирмоқда. Лойиҳа пахта етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулотгача бўлган барча ишлаб чиқариш циклини қамраб олади.
Ўз навбатида, Ўзбекистонда Озарбайжоннинг Matanat-A компанияси иштирокида умумий бюджети 100 миллион долларга тенг лойиҳа – қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.
Бу саноат кооперацияси ва технологиялар трансферига яна бир мисол бўлмоқда. Ўзбекистон бундай ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришдан ва кооперацион жараёнларга тизимлилик бериш манфаатдор.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев
Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгашини ташкил этиш ва Саноат альянсини тузиш каби бир-бирини тўлдирувчи таклифларни
илгари сурди.
Шу орқали Ўзбекистон умумтурк тизимлашган саноат кооперациясини яратишда тамал тошини қўймоқда. Чунки юқоридаги таклифлар саноат йўналишидаги ҳамкорликнинг институционал-ташкилий асосларини мустаҳкамлайди: аниқ ваколатларга эга ва ҳисобдор тузилмалар вужудга келади.
Мазкур омиллардан кўриниб турибдики, Ўзбекистоннинг иқтисодиёт соҳасидаги ташаббуслари катта мақсадлардан тезкор ҳаракатларга ўтиш ва аниқ натижаларга эришишга қаратилган.
Учинчидан, Ўзбекистон ТДТ доирасида амалга оширилаётган транспорт йўлакларидан асосий манфаатдор бўлган давлатлардан бири саналади. Мамлакатнинг ташқи иқтисодий стратегиясида денгиз портларига чиқиш ва янги бозорларга кириб бориш каби мақсадлар устуворлик касб этади.
Шу орқали мамлакат ташқи иқтисодий алоқалар географиясини диверсификация қилиши, экспортни рағбатлантириши ва ички ишлаб чиқаришни кучайтириши мумкин.
Мазкур мақсадлар рўёби Ўзбекистоннинг ҳозирги тараққиёт босчиқида, шунингдек иқтисодий ўсишнинг юқори кўрсаткичлари мунтазамлигига эришиш ва аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини таъминлашда беқиёс аҳамият касб этади.
Шунинг учун ҳам мамлакат ТДТ доирасида транспорт-коммуникациявий боғлиқлик кучайишининг фаол тарафдорларидан саналади. Боз устига
Ўрта коридорнинг ўрни Ўзбекистон ташқи савдо алоқаларида аллақачон
ортиб бормоқда.
Маълумотларга кўра, 2024 йилда Боку порти орқали амалга оширилаётган Ўзбекистон юк айланмасининг хажми 1 миллион тоннага етди. Мазкур йўналиш Ўзбекистонни Озарбайжон, Туркия ва Европа бозорлари билан боғлайдиган
энг қисқа ва самарали йўл бўлиб қолмоқда.
Лекин Ўрта коридор ривожи фақатгина Ўзбекистон ички кун тартибидаги мақсадлар билангина чекланмайди. Мамлакат бир вақтнинг ўзида бир нечта транспорт йўлакларининг фаол иштирокчисидир. Бу Трансафғон ва Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлакларидир.
Уларнинг Ўрта коридор билан интеграцияга киришиши амалда тарихий Буюк ипак йўлининг тикланиши ва янгиланаётган глобал иқтисодий моделдаги Ўзбекистон ўрнининг ортишини англатади.
Шундай қилиб, Туркий давлатлар ташкилоти Ўзбекистон учун нафақат сиёсий ва маданий мулоқот платформаси, балки мамлакат стратегик мақсадлари уйғун бўлган давлатлар бирлашмаси билан натижага йўналтирилган ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим форматга айланди. Шу маънода, Ўзбекистон ТДТ билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, умумий фаровонлик ва тараққиётга ҳисса қўшишда давом этиши муҳимдир.

Азизжон Каримов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
етакчи илмий ходими