Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Ўзбекистон – Тожикистон иқтисодий алоқалари ривожланмоқда

2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили 2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O'zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovlari - 2021 O’zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovlari - 2021 Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Ўзбекистон – Тожикистон иқтисодий алоқалари ривожланмоқда

«Сўнгги йилларда Ўзбекистон – Тожикистон муносабатлари жадаллик билан ривожланиб стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Бу иккитомонлама алоқалар тарихида янги саҳифа очилгани, шериклик муносабатлари эса сифат жиҳатидан янада юқори даражага олиб чиқилганлиги ва амалий мазмун билан бойитилганлигидан далолат беради», деб қайд этади Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтиетакчи илмий ходими Бекзод Ражабов «Дунё» АА учун йўллаган Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг бугунги ҳолатига бағишланган шарҳида.

«Бунинг яққол исботи сифатида икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва савдо алоқаларининг янги босқичга кўтарилганлигини кўрсатиш мумкин. Хусусан, 2020 йилда иккитомонлама товар айланмаси 502 миллион долларга етди, шу жумладан, экспорт – 404,5 миллион доллар, импорт – 97,3 миллион доллар. Бу 2017 йилга нисбатан икки баробарга кўп ва сўнгги 20 йил ичидаги энг юқори кўрсаткичдир. Эътиборли жиҳати шундаки, оғир пандемия шароитида ҳам (2020 йил) савдо алоқаларининг ўсиш жараёни сақлаб қолинди ва 5% ни ташкил этди.

Таъкидлаш керакки, иқтисодий ҳамкорликнинг жадаллик билан ривожланишида, энг аввало, икки мамлакат раҳбарлари ўртасида ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган мулоқотнинг ўрнатилганлиги, ҳамда уларнинг диққат марказида турганлиги муҳим ўрин тутмоқда.

Жумладан, 2016 йил сентябрь ойида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти вазифасини бажаришга киришган илк кунлариданоқ қўшни Тожикистон билан барча жабҳаларда ҳамкорликнинг янада ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бунга яққол мисол сифатида Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг 2016 йил 27-28 декабрь кунлари Савдо ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишида иштирок этиш мақсадида Душанбе шаҳрига ташриф буюрганини ҳам кўрсатиш мумкин.

Айнан ушбу ташриф давомида томонлар иқтисодиёт, савдо, транспорт-коммуникация ва энергетика соҳаларидаги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари тўғрисида фикр алмашди ҳамда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш ва барча соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича келишиб олди.

2018 йил эса икки томонлама муносабатлар тарихида ғоят муваффақиятли бўлди. Ушбу йил давомида турли даражаларда элликдан ортиқ учрашувлар бўлиб ўтди, ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 54 та ҳужжат имзоланди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг тўртта мажлиси ўтказилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, айнан 2018 йилдан бошлаб Ҳукуматлараро комиссия бош вазир даражасида ўтказилиши бошланди, ҳолбуки бу даврга қадар ушбу механизмни бошқариш бош вазир ўринбосари зиммасида эди. Ушбу қарор Комиссия фаолиятини активлашишига ва унинг ҳар икки тараф манфаатларини ифодаловчи комплекс масалаларни ҳал қилишда самарали воситага айланишига олиб келди. Жорий йилнинг 14-15 май кунлари ушбу комиссиянинг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда.

Таъкидлаш керакки Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилнинг 9-10 март кунлари Тожикистонга амалга оширган давлат ташрифи ўзбек-тожик муносабатларини янги босқичга кўтарди, иқтисодий ҳамкорликда янги саҳифа очди. Ташриф давомида савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит ҳамда бошқа бир қанча соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир 27 ҳужжат имзоланди. Товар айланмасини 1 миллиард долларга етказишга келишиб олинди.

Бундан ташқари ушбу ташриф доирасида Душанбеда ўзбекистонлик ишбилармон доиралар иштирокида кўргазма ташкил этилди. Биргина ушбу кўргазмада ўзбекистонлик корхоналар 60 турдаги ускуналар, қурилиш материаллари, электротехника саноати маҳсулотлари, кимёвий ва минерал ўғитлар, фармацевтика, озиқ-овқат, чарм саноати, мебел ва уй-рўзғор буюмларини намойиш этди.

Тожикистон раҳбари Э.Раҳмоннинг кўп ўтмай, 2018 йилнинг 17-18 август кунлари, Тошкент ва Самарқандга қилган ташрифи эса ҳамкорликнинг стратегик йўналишларини белгилаб олишда муҳим қадам бўлди. Хусусан саноат, стандартлаш ва сертификатлаш, чегарадан ўтказиш, таълим ҳужжатларини тан олиш, геодезия ва геология, қишлоқ хўжалиги, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка доир 27 та ҳужжат имзоланди.

Иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланиб бораётганининг яна бир муҳим омили – ўзбек ва тожик ишбилармон доиралари ўртасида «Б2Б» формати доирасида доимий мулоқотни йўлга қўйиш ва қулай бизнес муҳитини шакллантиришга бўлган юксак эътибордир. Бу 2017, 2018 ва 2020 йилларда икки давлат ишбилармонлари иштирокида мунтазам равишда ўтказиб келинаётган бизнес-форумларда ҳам ўз аксини топмоқда. Бу каби тадбирларда Ўзбекистон ва Тожикистондан 300 га яқин тадбиркор иштирок этмоқда.

Бундан ташқари ўтган қисқа фурсат мобайнида Тожикистонда Ўзбекистоннинг 6 та савдо уйи очилди. Тошкентда ҳам Тожикистоннинг савдо уйи иш бошлади. Қўшимчасига, икки давлат савдо ва саноат палаталари ўртасида Ўзбекистон-Тожикистон ишчи кенгашини тузиш бўйича келишувга эришилди. Бугунги кунда бу Кенгаш савдо ҳажмини кенгайтириш учун янги йўллар изламоқда.

Натижа эса узоқ куттирмади. 2020 йилга келиб Тожикистонга озиқ-овқат экспорт ҳажми 2017 йилги 7 миллион доллардан
57 миллион долларга, трикотаж – 5 миллион доллардан
35 миллион долларга, нефть маҳсулотлари – 1 миллион доллардан 38 миллион доллларга ошди.

Айтиш лозимки, Ўзбекистон Тожикистон иқтисодиётида қизиқиш уйғотиши мумкин бўлган етарли даражадаги озиқ-овқат ва саноат тармоқларига эга бўлиб, келажакда фармацевтика, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, кийим-кечак ва тўқимачилик ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари бўйича ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш мумкин.

Алоҳида эътибор ҳудудлараро иқтисодий ҳамкорлик ва савдо алоқаларини ривожлантиришга қаратилмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилояти билан Хатлон вилояти, Самарқанд вилояти билан Сўғд вилояти ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик тўғрисида битимлар қабул қилинди. 2018 йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида Сўғд вилояти ишбилармон доиралари иштирокида саноат ярмаркаси ўтказилди. Биринчи марта ўтказилган мазкур саноат ярмаркаси икки қўшни вилоятларнинг ишбилармонлари ўртасида ўзаро кооперация алоқаларини боғлашга ва уни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Тадбир доирасида икки вилоят тадбиркорлари ўртасида 20 га яқин бизнес ва ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Шунингдек Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги мавжуд 17 та чегара-назорат пунктларининг барчаси тўлиқ фаолият кўрсата бошлади. Тожикистон фуқаролари учун эса Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий қилинди. Ўз навбатида, бу каби тадбирлар икки давлат чегараларининг «дўстлик кўпригига» айланаётганидан далолат беради.

Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларининг иқтисодий соҳада ривожланишининг яна бир муҳим сабаби бу – самарали кооперация алоқаларини ривожлантиришга бўлган қизиқишдир. Таъкидлаш керакки, 2016 йилдан 2020 йилгача бўлган муддатда Ўзбекистон ҳудудида тожик капитали иштирокидаги корхона ва ташкилотлар сони 8 баробарга, яъни 25 тадан 202 тага кўпайди. Эътиборли жиҳати, уларнинг 50% дан кўпроғи қўшма корхоналардир.

БМТ экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги самарали кооперация алоқалари 10 йил мобайнида минтақавий ялпи ички маҳсулотни камида икки баробар ошириш имконини беради.

Бундан ташқари Тожикистон ва Ўзбекистон умумий транспорт-коммуникациявий имконият ва транзит салоҳиятидан тўла фойдаланишга алоҳида аҳамият бермоқда. Бунга яққол мисол сифатида 2018 йилда «Тошкент – Хўжанд», «Самарқанд – Панжикент», «Денов – Душанбе» ва «Термиз – Душанбе» йўналишларида мунтазам автобус қатнови йўлга қўйилганини келтириш мумкин.

Шу билан бир қаторда, 2017 йилда Тошкент ва Душанбе ўртасида авиақатновлар қайта тикланганди. “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси Тожикистонга парвозлар сонини уч баробарга, яъни 60 тадан 208 тага оширди.

2018 йилда эса «Ғалаба-Амузанг» йўналиши орқали ўтувчи темир йўл тармоғи ҳам қайта тикланди. Натижада 2017-2019 йилларда автотранспорт орқали юк ташиш ҳажми 60%, ҳаво орқали юк ташиш ҳажми эса 2,6 баробарга ошди.

Мухтасар қилиб айтганда, бугун икки мамлакат раҳбарлари кўп томонлама иқтисодий шерикчиликни изчиллик билан ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун қатъий хоҳиш, шунингдек, янги марраларни елкама-елка туриб забт қилишга бўлган интилишни намоён этмоқдалар.

Шубҳасиз, икки давлат томонидан иқтисодий ва савдо алоқаларини яхшилаш учун амалга оширилаётган чора-тадбирлар, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш ва миллий иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу эса энг аввало, Марказий Осиё халқлари, шу жумладан, қардош ўзбек ва тожик халқларининг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш мақсадида дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини шакллантиришда муҳим ўринга эгадир».

/«Дунё» АА/.