Ўзбекистон ва Қозоғистон: минтақанинг барқарор келажаги йўлида ҳамкорлик
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик ишонч, ўзаро тушуниш ҳамда Марказий Осиёнинг экологик хавфсизлигига бўлган умумий интилиш асосида шаклланган стратегик ҳамкорлик изчил ривожланаётганини кўрсатмоқда.
Икки мамлакатнинг экология соҳасидаги шериклиги мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. Ҳамкорлик учун замин 1997 йил 2 июнь куни имзоланган “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида”ги Ҳукуматлараро битим билан яратилган. 2022 йил 22 декабрда имзоланган ва 2024 йил 20 ноябрда кучга кирган янгиланган битим икки томонлама ҳамкорликка янги туртки берди. Ушбу битим доирасида Сирдарё дарёси ҳавзаси сув сифатини ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон-Қозоғистон қўшма ишчи гуруҳи самарали фаолият юритмоқда. Гуруҳ мунтазам равишда маълумот алмашиш, дарёнинг ҳолатини биргаликда мониторинг қилиш ҳамда экспертларнинг ўзаро ташрифларини ташкил этади. Келгусида Қирғизистон ва Тожикистоннинг ушбу платформага қўшилиши минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва Сирдарё ҳавзасидаги экологик мониторинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳим ютуқлардан бири 2024 йил февраль ойида Самарқандда бўлиб ўтган CMS COP-14 конференцияси доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида Устюрт платосидаги ёввойи табиатни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланиши бўлди. Кейинчалик бу ташаббусга Туркманистон ҳам қўшилди, бу эса унинг кўп томонлама характери янада мустаҳкамланди. 2025 йил март ойида Астанада томонларнинг илк учрашуви ўтказилиб, 2025–2030 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар йўл харитаси тасдиқланди.
Икки томонлама алоқалар бошқа йўналишларда ҳам фаол ривожланмоқда. Сўнгги йилларда юқори даражадаги кўплаб делегация ташрифлари, вазирларнинг халқаро форум ва конгресслардаги иштироклари, Марказий Осиё барқарор ривожланиш бўйича Давлатлараро комиссия йиғилишлари, шунингдек ўрмонларни тиклаш ва чўлланишга қарши курашиш бўйича тажриба алмашиш тадбирлари бўлиб ўтди.
Трансчегаравий масалаларда ҳам экология конструктив ҳамкорлик майдони бўлиб қолмоқда. Масалан, илгари Қозоғистон томонидан Тошкент вилояти Келес туманидаги маиший чиқиндилар полигони бўйича билдирган эътирозлар тезкорлик билан ҳал этилиб, полигон рекультивация қилинди ва ёпилди.
Экология йўналишидаги узоқ муддатли ҳамкорлик ўзаро ҳурмат ва эътироф билан ҳам мустаҳкамланмоқда. 2024 йил 13 ноябрда Қозоғистон экология ва табиий ресурслар вазири Ерлан Нйсанбаев Ўзбекистоннинг “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони билан тақдирланди — бу икки давлат ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликнинг юксак ифодасидир.
Икки томонлама алоқалардан ташқари, Ўзбекистон ва Қозоғистон кўп томонлама экологик ташаббусларни ҳам фаол илгари сурмоқда.
Асосий ҳужжатлар орасида 2019 йилда Қозоғистон, Қирғиз Республикаси ва Ўзбекистон томонидан имзоланган ЮНЕСКОнинг “Ғарбий Тянь-Шань” трансчегаравий Бутунжаҳон мероси объекти бошқаруви ва муҳофазаси бўйича меморандум алоҳида ўрин тутади. 2021 йилда Глазгода Ғарбий Тянь-Шань ва Помир-Олой ҳудудларида қор қоплони ва унинг экотизимини муҳофаза қилиш бўйича меморандум имзоланган.
Яна бир муҳим ютуқ — 2023 йил сентябрь ойида Ар-Риёдда бўлиб ўтган Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 45-сессиясида “Ўрта минтақа Турон чўллари” (Қозоғистон, Туркманистон, Ўзбекистон) ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон табиий мероси рўйхатига киритилганидир.
Минтақавий экологик ташаббуслар ШҲТ, IFAS, CAREC ва “Марказий Осиё учун Blue Peace” дастури доирасида ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Минтақа давлатлари томонидан ишлаб чиқилган қўшма баёнотлар бир неча бор йирик халқаро иқлим майдонларида, жумладан, Дубайдаги COP-28 конференциясида тақдим этилган.
2024 йил февраль ойида очилган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University”) экология ва барқарор ривожланиш йўналишида мутахассислар тайёрлайдиган янги илмий марказга айланди.
2025 йилда мамлакатлар тажриба ва ғоялар алмашувини давом эттирдилар: Тошкентда ўтган “Eco Expo Central Asia” кўргазмасида, Ақтаудаги Марказий Осиё экология вазирлари учрашувида, Олмаота ва Павлодарда бўлиб ўтган халқаро форумларда иштирок этдилар.
Бу тадбирларнинг барчасини ягона мақсад бирлаштиради — минтақанинг барқарор келажаги фақат ҳамкорлик асосидагина таъминланиши мумкин.
Шундай қилиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро ҳурмат, стратегик қараш ва табиий меросни сақлаш бўйича умумий масъулиятга таянган самарали ҳамкорлик намунасини кўрсатмоқда. Икки ва кўп томонлама ташаббуслар Марказий Осиёнинг экологик хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ҳар бир қўшма қарорни минтақанинг умумий яшил келажагига қўшилган ҳисса сифатида шакллантирмоқда.
Маҳмуд Ҳайдаров,
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Халқаро ҳамкорлик ва рейтинглар бошқармаси бош мутахассиси