Ўзбекистон ва Финляндия ўртасида экология ҳамда барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон ва Финляндия экология, атроф-муҳитни барқарор бошқариш ва иқлим ўзгариши соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш учун салмоқли салоҳиятга эга. Икки мамлакат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари халқаро ташкилотлар ва тараққиёт банклари кўмагида ташкил этилаётган халқаро анжуманлар, форумлар, лойиҳалар орқали фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати агентлиги, Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги ва Финляндия метеорология институти ўртасидаги қўшма лойиҳа амалий ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир. Умумий қиймати 2 миллион доллар бўлган лойиҳа Ўзбекистон гидрометеорология хизмати салоҳиятини ошириш, мутахассисларга об-ҳаво шароити ва табиий офатларни башорат қилишнинг замонавий усулларини ўргатиш, иқлим хизматлари тизими ва иқлим ўзгаришига мослашиш чораларини ишлаб чиқишга қаратилган.
Икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Финляндия билан келажакдаги ўзаро англашув меморандуми учун асос бўлиши мумкин бўлган бир қатор истиқболли йўналишларни белгилаб олди. Ўрмонларни барқарор бошқаришда ҳамкорлик устувор йўналишлардан бири бўлиши мумкин. Финляндия ҳудудининг 70 фоиздан ортиғи ўрмонлар билан қопланган ва унинг ёғоч захиралари бутун дунё бўйлаб 0,5 фоизни ташкил қилади. Ўрмон хўжалигида давлат-хусусий шериклик бўйича Финляндия тажрибаси ва ўрмон экотизимларини сақлашнинг самарали механизмларини ўрганиш Ўзбекистонга ўзининг яшил майдонларини кўпайтириш ва табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш бўйича ёндашувларини такомиллаштиришга ёрдам беради.
Циркуляр иқтисодиётда тажриба алмашиш ҳам муҳимдир. Финляндия ёпиқ ишлаб чиқариш ва истеъмол сиклларига ўтиш бўйича миллий йўл харитасини ишлаб чиққан биринчи давлатлардан биридир. Чиқиндиларни бошқариш ва қайта ишлашнинг замонавий тизимини ривожлантираётган Ўзбекистон учун Финляндиянинг барқарор ишлаб чиқариш амалиётини ўрганиш яшил ривожланиш йўлидаги муҳим қадам бўлиши мумкин.
Ҳаво сифати бўйича ҳамкорлик ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Финляндия самарали мониторинг тизими ва қатъий атроф-муҳит назорати туфайли ҳақли равишда дунёдаги енг ҳавоси тоза мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ифлослантирувчи моддаларни мониторинг қилиш ва чиқиндиларни камайтириш учун Финляндия технологияларидан фойдаланиш Ўзбекистон шаҳарларида ҳаво сифатини яхшилашга ёрдам бериши мумкин. Иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича тажриба алмашиш, айниқса, муҳим саналади. Финляндия 2035 йилгача углерод нейтраллигига эришишни мақсад қилган ва унинг эмиссияларни камайтириш ҳамда иқлим муаммоларига мослашишга ёндашуви Ўзбекистон учун Париж келишуви доирасида иқлим бўйича ўз ташаббусларини амалга оширишда фойдали бўлиши мумкин.
Илмий-таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш таклиф этилмоқда. Ўзбекистон Экология вазирлиги Финляндия университетлари ҳамда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University ”) ўртасида алоқаларни йўлга қўйишдан манфаатдор. Aкадемик алмашинув дастурларини амалга ошириш, қўшма тадқиқотлар, яшил таълим технологияларини ривожлантириш минтақада эколог ва иқлимшуносларнинг янги авлодини тайёрлашга хизмат қилади.
Биохилма-хилликни асраш ва алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик ҳам муҳим йўналиш ҳисобланади. Финляндия ушбу мақсадлар учун ўз ҳудудининг 13,3 фоизини ажратади ва 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 30 фоизга етказмоқчи. Бу тажриба қўриқхоналар ва миллий боғлар тармоғини кенгайтириш дастурини фаол амалга ошираётган Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Финляндия Aтроф-муҳит ва иқлим вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумнинг имзоланиши ушбу ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги мантиқий қадам бўлади. Икки мамлакат ўртасидаги қўшма ташаббуслар инновация ва илмий салоҳиятни умумий мақсад — табиатни асраш, иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш ва барқарор келажакни қуриш сари бирлаштиради.
Анвар Турсуналиев,
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Халқаро ҳамкорлик ва рейтинглар бошқармаси бош мутахассиси