Ўзбекистон ва Нидерландия ноқонуний миграцияни олдини олиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиради
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Нидерландия ички ишлар вазирлиги хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказида ушлаб турилган Ўзбекистон фуқароларига консуллик ҳуқуқий ёрдами кўрсатиш мақсадида ушбу давлат Адлия ва хавфсизлик вазирлиги Миграция хизмати масъул ходимлари билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мамлакатимиз элчихонаси таҳлилига кўра, дипломатия миссияси консуллик округига (Бельгия, Дания, Нидерландия, Люксембург) Ўзбекистон фуқаролари, асосан, Болтиқбўйи давлатлари, Польша, Руминия ва Болгария орқали кириб келмоқда. Кўплаб юртдошларимиз ноқонуний фаолият юритаётган гуруҳ ёки шахсларнинг сохта ваъдаларига ишониб, Ғарбий Европа мамлакатларига визасиз, ишлашга ва яшашга тегишли рухсатномасиз келиб, қурилиш, транспорт, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда меҳнат қилмоқда.
Ачинарли томони шундаки, ватандошларимиз хорижий давлат қонунчилигини бузгани учун маъмурий, ҳатто жиноий жавобгарликка тортилган ҳоллар кўпаймоқда.
Учрашувда юқорида қайд этилган ҳолатларнинг олдини олиш бўйича икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш, хусусан меҳнат муҳожирларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Нидерландия расмийлари ушбу мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларида малакали мутахассисларга бўлган талаб доимо юқори бўлган. Коронавирус пандемияси таъсирида ишлаб чиқаришнинг кўпгина тармоқларида иқтисодий инқироз юзага келган ва ишсизлик даражаси юқорилаган бўлсада, қатор йўналишларда, жумладан қурилиш, қишлоқ хўжалиги, транспорт, хизмат кўрсатиш ва бошқа шу каби соҳаларда ишчи кучига бўлган талаб илгариги кўрсатгичларни сақлаб қолган.
Нидерландияда ноқонуний яшаётган ва ишлаётган хорижлик меҳнат муҳожирларига нисбатан қонун талаблари қатьий, маъмурий, ҳатто жиноий жавобгарлик ҳам белгиланган.
Суҳбатда Нидерландия Миграция хизмати масъул ходимлари Польша ва Беларусь чегарасидаги, умуман Европага хавф солиб турган миграция инқирози ушбу мамлакат тегишли идораларини ҳам ҳушёрликка ундаётганини таъкидлаб, бу вазиятга Ўзбекистон фуқаролари ҳам аралашиб қолишининг олдини олишда ҳамкорлик қилишни таклиф қилди.
Сўнгги йилларда Нидерландияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари кўпаяётгани, улар, асосан, турли йўллар билан олинган вақтинча виза ёки вақтинча яшаш ва ишлашга рухсат гувоҳномаси расмийлаштиргани маълум қилинди. Бу тоифадаги фуқаролар Нидерландияга саёҳат қилиши мумкинлиги, аммо меҳнат қилиш учун мамлакат расмий идоралари рухсатини олиши шартлиги таъкидланди.
Суҳбат якунида миграция соҳасида, хусусан, ноқонуний миграцияга қарши курашиш, мажбурий меҳнат ва одам савдосининг олдини олиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорлик қилиш, икки мамлакат масъул идоралари вакилларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
/«Дунё» АА/.