Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик: давлат фуқаролик хизматида ҳалолликни таъминлаш ва тарғиб қилиш
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Венгрия кўп қиррали муносабатлари изчил мустаҳкамланиб, амалий алоқалар ва барча даражаларда фаол мулоқотлар жадал ривожланиб бормоқда. Хусусан, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳам мазкур мамлакат билан янги ва илғор ёндашувлар, самарали ва таъсирчан механизмлар борасида ўзаро ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этиб келмоқда.
Жумладан, 2023 йилда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош Прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Будапешт шаҳрида жойлашган Халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академияси (International Law Enforcement Academy)да кибержиноятларни текшириш ва криптоактивлардан фойдаланиш бўйича ўқув семинарида, шунингдек, “Давлат бошқарувида коррупция” мавзусида ташкил этилган ўқув-малака ошириш курсларида иштирок этди.
Жорий йил аввалида эса Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов раҳбарлигида Венгрия Миллий ҳимоя хизмати (National Protective Service - NPS) вакиллари билан онлайн учрашув ўтказилди. 2011 йилда ташкил этилганидан буён ушбу идора мамлакатда коррупцияга қарши курашга ҳисса қўшиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ичида уюшган жиноятчилик тарқалишининг олдини олиш, шунингдек, юқори даражадаги разведка ва ҳимоя функцияларини амалга ошириб келмоқда. Мазкур мулоқот ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида қатор муҳим масалаларни муҳокама қилиш имконини берди. Хусусан, биз томондан коррупцион хавф-хатарларни баҳолаш ҳамда давлат хизматида ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш борасида Венгрия тажрибасини чуқур ўрганишга алоҳида қизиқиш билдирилди. Шунингдек, учрашувнинг амалий натижаси сифатида коррупцияга қарши курашиш соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш, ходимлар малакасини юксалтириш бўйича ўқув дастурларини ташкил этиш, стажировка дастурларини йўлга қўйиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.
Ушбу ҳамкорликнинг аҳамияти ва зарурати ҳақида сўз кетганда аввало, Венгриянинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ютуқлар ва аниқ амалий натижаларга тўхталиш кифоя.
Жумладан, NPS томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва давлат бошқаруви тизимининг аксарият қисмида ҳалоллик тестлари ўтказиб келинади. 2022 йилда NPS жами 278 та ҳалоллик тестини ўтказган ва уларнинг натижасида 13 та жиноят иши қўзғатилган. 2023 йилги маълумотларга кўра, 10 йил ичида жами 8 830 та ҳалоллик тестлари амалга оширилган бўлиб, улардан 137 таси жиноий ёки маъмурий иш юритишга олиб келган, 83 таси эса суднинг якуний ҳукми билан якунланган.
2014 йилда Венгрия ҳукумати коррупцияга қарши курашишни кучайтириш мақсадида Миллий ҳимоя хизмати таркибида махсус Коррупцияга қарши курашиш департаментини ташкил этган. Бу департаментнинг асосий вазифаси — давлат органларида коррупцияга қарши профилактика ишларини олиб бориш, коррупция хавфларини аниқлаш ва уларга қарши самарали чоралар кўришдан иборат.
Венгриянинг коррупцияга қарши курашишга жиддий ёндашувининг яна бир ёрқин далолати — 2022 йил октябрда мамлакат парламенти томонидан Integrity Authorityнинг ташкил этилганлигидир. Ушбу идора Европа Иттифоқи маблағларининг тўғри сарфланишини ва коррупцияга қарши курашишда шаффофликни таъминлаш мақсадида фаолият юритишни бошлади.
Шунингдек, Венгриянинг аксилкоррупция сиёсатида давлат фуқаролик хизматида ҳалолликни таъминлашга қаратилган чоралар салмоқли аҳамиятга эга. Биргина мисол: давлат идораларини ҳалолликни мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларда бирлаштириш, уларнинг умумий қадриятларини янгилаш ва ўзаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида 2024 йил 10 декабрь куни Будапешт шаҳрида Миллий ҳимоя хизмати Коррупциянинг олдини олиш бошқармаси томонидан биринчи “Integrity Café” тадбири ташкил этилди.
Яна бир эътирофли томони, NPS Европа Кенгашига аъзо давлатларнинг коррупцияга қарши кураш ва полиция назорати органларини бирлаштирувчи Коррупцияга қарши Европа ҳамкорлари ташкилоти (EPAC) томонидан 2024 йил учун таъсис этилган Коррупцияга қарши Европа ҳамкорлари мукофотига сазовор бўлди.
Мукофотнинг мақсади — коррупцияга қарши курашда ташаббускор ва фаол даражада ишлаётган, инновацион усуллар ҳамда воситалар орқали муваффақиятли коррупцияга қарши лойиҳаларни амалга ошираётган ташкилотларни рағбатлантиришдир.
NPSнинг Коррупцияга қарши кураш департаменти томонидан тақдим этилган дастур коррупциянинг олдини олишга қаратилган учта муҳим лойиҳани ўз ичига олган: ўқитувчилар учун ҳалоллик бўйича тренинг, талабаларда шахсий масъулият ва хабардорликни оширишга қаратилган таълим дастури, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида совға ёки пора тўлашни камайтиришга қаратилган реклама кампанияси.
Айни пайтда Венгриянинг миллий коррупцияга қарши курашиш стратегияси (2023–2025) мамлакатда аксилкоррупция ислоҳотлари ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ушбу стратегия коррупцияга қарши курашишдаги устувор йўналишлар ва амалий чораларни кучайтириш, давлат органлари фаолиятини янада шаффофлаштириш, давлат хизматида ҳалолликни ошириш ва коррупцияга қарши бошқа самарали механизмларни жорий қилишга хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг 5 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш бўйича белгилаб берилган энг муҳим вазифа ва мақсадларни самарали амалга оширишда, кўзланган натижаларга эришишда, шубҳасиз, халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш ниҳоятда муҳим. Жумладан, Венгриянинг аксилкоррупция сиёсатидаги ижобий натижалар билан янада яқиндан танишиш ва ўзаро тажриба алмашиш имкониятларини кенгайтириш икки мамлакат учун ҳам манфаатлидир.
Шу боис бугунги кунда Миллий ҳимоя хизмати ва Агентлигимиз ўртасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, шунингдек, ҳалоллик ва шаффофликни мустаҳкамлаш борасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича иш олиб боряпмиз. Бу саъй-ҳаракатларимиз яқин истиқболда ўзининг аниқ ва амалий самараларини намоён этади, деб ўйлаймиз.
Шерзод Сапаров
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси