Ўзбекистонда “Habeas corpus” институтининг кенгайиши шахс ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг ишончли кафолатларини яратилишига хизмат қилади
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Сўнгги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар асосан жазоламай туриб жавобгарлик натижасидан кутиладиган мақсадларга эришиш, жиноят ишларини юритиш ва жавобгарликни белгилашда жазонинг оғирлигига эмас, жавобгарликнинг муқаррарлигини ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг устуворлигини таъминлашга, жиноят ишларини юритиш тартибини такомиллаштириш, судлар мустақиллигини мустаҳкамлаш ва тарафлар тенглигини таъминлаш орқали одил судловга эришиш, шу жумладан “habeas corpus” институтини кенгайтириш каби йўналишларни ўзида мужассам этди.
Жамиятда тартибни сақлаш ва тараққиётнинг давомийлигини таъминлаш учун суд-ҳуқуқ тизимини ҳам замон ўзгаришларига мос равишда такомиллаштириб бориш ҳар доим долзарб бўлиб келган. “Habeas corpus” институтини кенгайтириш судга қадар иш юритувида суд назоратини кучайтиришга қаратилган. Жумладан, янги таҳрирдаги Конституциямизда “ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас. Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади”, деб қатъий белгиланди.
“Habeas corpus” шахснинг эркин ҳаракатланиш ва бошқа конституциявий ҳуқуқлари чекланган ҳолатларда ушбу ҳаракатларнинг қонуний ва асослилиги суд томонидан текширилишини сўраб мурожаат қилиш тартибини қамраб олади.
Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлар асослар бўлганда ва фақат суднинг қарори ёки розилиги билан чекланиши мумкинлигига оид қоидалар мансабдор шахс ўз хизмат мажбуриятларига виждонсизларча муносабатда бўлиш ҳолатларининг олдини олиш ва айбланувчининг ҳуқуқ ва эркинликлари ноқонуний чекланишига йўл қўймаслик учун мўлжалланган. Тор маънода “habeas corpus” деганда, жиноят содир этишда гумон қилиниб ушланган шахсни ушлаб туриш асослилигини ва қонунийлигини суд томонидан текшириш ҳамда ушбу шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чорасининг суд томонидан қўлланилиши тартиби тушунилади.
Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда ҳам “жиноий айблов бўйича ушланган ёки қамоққа олинган ҳар бир шахс дарҳол судья ёки қонунга биноан судлов ҳокимиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс ҳузурига келтирилади ва у оқилона муддат ичида суд муҳокамасидан ўтказилиши ёки озод қилиниш ҳуқуқига эга” эканлиги белгиланган.
Мамлакатимизда қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаш амалиётида 2022 йилда тергов органларидан судларга келиб тушган жами 24 118 та илтимосномадан 485 таси, 2023 йилда 22 254 та илтимосномадан 577 таси, 2024 йилнинг биринчи ярмида эса 12 293 та илтимосномадан 256 таси рад этилган. Судлар томонидан бу каби илтимоснома рад этилишининг ҳар бир ҳолатида айбланувчи ҳуқуқлари жиддий чекланишига йўл қўйилмаганлигини қайд этиш жоиз.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жиноят-процессуал қонунчиликда “habeas corpus” институтини кенгайтиришга оид илгари сурилаётган ташаббуслар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашнинг самарали механизмларини ишга солиш, жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали ишончли таъминлаш чораларини кучайтиришга қаратилган.
Бу каби ташаббусларни амалда жорий этиш, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишига эришиш мақсадида 2024 йилнинг 10 июнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-89-сон Фармони қабул қилинди.
Мазкур фармонга кўра жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартибини ва жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозимини жорий этиш назарда тутилмоқда. Бунда “habeas corpus” институтини кенгайтириш орқали тергов устидан суд назоратини кучайтиришга, судга қадар иш юритувида қонунийликни мустаҳкамлашга ҳамда шахс ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашга эришиш кўзланган.
Таъкидлаш ўринлики, мазкур фармоннинг қабул қилиниши Конституциявий нормаларнинг тўғридан тўғри татбиқ этилишини кучайтиришга, шахснинг конституциявий ҳуқуқларини фақатгина суд қарори асосида чеклаш механизми процессуал қонунчиликда тўлиқ белгиланишига ҳамда амалда мукаммал ишлаши учун зарур ташкилий ҳуқуқий шарт-шароитлар яратди.
“Habeas corpus” институтининг айрим хорижий мамлакатларда қўлланилишини ўрганиш эътибор лойиқ. Масалан Австрияда қамоққа олиш ва қамоққа олиш муддатини узайтириш тергов судьяси рухсати билан амалга оширилади. Тергов судьяси дастлаб икки ҳафта ўтгач, сўнг бир ой ўтгач, кейин қамоққа олинган кундан эътиборан ҳар икки ойда бир маротаба – шахснинг ушлаб туриш муддатини узайтириш ёки қамоққа олиш асосларини мунтазам текширади.
Англияда манфаатдор шахслар ушланган ёки қамоққа олинган шахснинг озодликдан маҳрум этилиш асосларини текшириш учун уни судга олиб борилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
АҚШда шахсни қамоққа олиш учун суд санкция беради, ҳар икки ҳафтада прокурор ўн кундан ортиқ қамоқда сақланаётган шахслар тўғрисида судга ҳисобот тақдим этади ва муддат ўтиб кетиши сабабларини тушунтириб беради.
Италияда, шахсни қонунда белгиланган муддатлардан кўпроқ ушлаб туриш назорат тартибида судьялар махсус ҳайъати томонидан қўриб чиқилади.
Францияда қамоққа олиш муддатини узайтириш республика прокурорининг илтимосига биноан тергов судьяси томонидан махсус асослантирилган қарор асосида амалга оширилади.
Судлар тизимида жорий этилаётган тергов судьяси лавозими ҳамда судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласини кўриб чиқишнинг янгича тартиби – “habeas corpus” институтини кенгайтиришга, судга қадар иш юритиш устидан суд назоратини кучайтиришга, қонунийликни мустаҳкамлашга ва одил судловга эришиш имкониятини оширишга хизмат қилади.
Тергов судьясига мурдани эксгумация қилиш; почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш; тинтув ўтказиш; телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш; мол-мулкни хатлаш; қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш; ушлаб туриш муддатини узайтириш; қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш; паспортнинг амал қилишини тўхтатиб туриш; айбланувчини лавозимидан четлаштириш; шахсни тиббий муассасага жойлаштириш; айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш; гувоҳ ва жабрланувчининг кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаларни ҳамда маъмурий ишларни кўриб чиқиш ваколати берилиши судьяларни жиноят ишларини мазмунан кўриб чиқиш билан боғлиқ бўлмаган вазифалардан озод этади ва иш доирасида қонуний, асосли, адолатли ҳукм чиқаришга кўпроқ имкон яратади.
Тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланган 1) юклатилган вазифаларнинг адолатли ва холисона бажарилишига; 2) қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга; 3) фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишига эришиш учун қонунчиликда тегишли механизмлар мукаммал акс эттирилиши талаб этилади.
Фикримизча, тергов судьяси томонидан тегишли илтимоснома ва ишларни кўриб чиқиш тартибини белгилашда қуйидагиларни ҳисобга олиш таклиф этилади:
1. Илтимоснома киритиш ва уни кўриш натижаларини тақдим этишда электрон ҳужжат айланиши имкониятини яратиш.
2. Кечиктириб бўлмас ҳолатларда ҳаракатланиш имкони мавжуд бўлиши, бунда қарор ва ҳаракатларнинг қонуний ва асослилигини таъминлаш.
3. Белгиланадиган тартибнинг самарали ва тезкор бўлишига эришиш.
4. Суриштирувчи, терговчининг шахс ҳуқуқ ва эркинликларига дахлдор қарорлари ва ҳаракатлари устидан қилинган шикоятларни тергов судьяси томонидан кўриб чиқилиши механизмини белгилаш.
5. Қамоққа олиш ёки конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларни чеклаш билан боғлиқ бошқа чораларни қўллаш ҳақидаги илтимосномаларни қаноатлантириш ва рад этишнинг аниқ асосларини кўрсатиш.
Шу билан бирга, Жиноят-процессуал кодексга киритилиши кутилаётган тергов судьяси лавозими жорий этилиши билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар мазмунан бошқа процессуал нормаларга номутаносиб бўлмаслигини, янги нормалар қўлланилиши барча процесс иштирокчилари учун қулай ва самарали бўлишини таъминлаш мақсадга мувофиқ.
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтганда, миллий қонунчилигимизда “Habeas corpus” институтининг кенгайтирилиши жиноят ишларини юритиш жараёнида суд назоратининг кучайтирилишига, шунингдек шахс ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг ишончли кафолатларини яратилишига хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси бошлиғи,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент