Ўзбекистонда маҳкумлар ҳуқуқларини таъминлаш Жанубий Корея ОАВ нигоҳида
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Жанубий Кореянинг машҳур «The Korea Post» журналида Ўзбекистон Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматованинг мамлакатимизда маҳбуслар ва маҳкумлар ҳуқуқларини таъминлашда қонунчиликни такомиллаштириш, жамоатчилик назоратини ўрнатишга бағишланган мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мақолада, инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласи шахснинг озодликда ёки жазо муддатини ўтаётганидан қатъи назар ўз долзарблигини йўқотмаслиги қайд этилган. Маҳкум ва маҳбуслар ҳам қонун ҳужжатларида белгиланган муайян ҳуқуқларга эга. Хусусан, Конституциямизда озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга экани белгиланган.
Ўзбекистон Асосий Қонунининг 26-моддасига кўра, «Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас».
Мақолада Конституциямизнинг янги таҳририга ҳибсга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши ва шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги бўйича ҳам алоҳида норма киритилгани маълум қилинган. Шунингдек, инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда акс этган «Миранда қоидаси», яъни шахсни ушлаб туриш чоғида унга ҳуқуқлари, ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги кўрсатилган.
«Мазкур нормаларнинг бевосита Конституцияда акс этиши мамлакатимизда инсон қадри устуворлиги ва қийноқ ҳолатларига қарши кураш борасида Ўзбекистон ўз қатъий позициясига эгалигини кўрсатади. Бу жараёнда ҳукумат тизимни ислоҳ қилиш билан бирга, улар устидан жамоатчилик назорати ўрнатилишини мақсад қилган», - деб ёзади Феруза Эшматова.
Ўзбекистон омбудсмани ёзганидек, аслини олганда қийноқларга қарши курашиш масаласи дунё миқёсидаги энг оғриқли муаммолардан саналади. Шу сабабли дунё ҳамжамияти ушбу иллатга қарши курашда кучларни бирлаштириш, халқаро миқёсда бажарилиши мажбурий бўлган нормаларни ишлаб чиқиш йўлидан бормоқда.
«Маълумки, 2002 йил 18 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг тегишли резолюцияси билан Қийноқлар ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши конвенцияга доир факультатив протоколида миллий превентив механизм (МПМ) ташкил этилиши назарда тутилган»,- дея қайд этади Жанубий Корея босма нашри.
Материлда, шунингдек, МПМ – ҳар қандай қийноқ кўринишлари олдини олиш мақсадида мустақил халқаро ва миллий органларнинг озодликдан маҳрум этилган шахслар сақланадиган жойларга мунтазам ташрифлари тизимини яратишга қаратилгани маълум қилинган.
«Сир эмас, озодликда бўлган инсонларга нисбатан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бироз мураккаб жараён эди. Чунки, авваллари ёпиқ муассасаларда бўлаётган ҳодисалар доим ҳам жамоатчилик назоратида бўлавермасди», - деб ёзади муаллиф.
Мақолада 2019 йилда Омбудсман ҳузурида илғор халқаро тажрибаларга асосланган қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм йўлга қўйилганидан сўнг пенитенциар муассасалар Омбудсман ва жамоатчилик вакилларининг доимий назоратида бўладиган объектларга айланганига алоҳида эътибор қаратилган. «Омбудсман плюс» модели асосида ташкил этилган МПМ ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга Омбудсман ва жамоатчилик вакилларининг мунтазам равишда кириши ва у ерда сақланаётган фуқаролар шароитларини ўрганиши, улар билан мулоқот қилишига замин яратди», - дея фикр юритган Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили.
Нашрда, ёпиқ муассасаларга Ташрифларда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш шароитлари, хусусан яшаш ва овқатланиш, меҳнат қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, маънавий-маърифий ишлар ҳамда таълим-тарбия бериш ва бошқа шу каби ҳолатлар ўрганилаётгани таъкидланган. «Аҳамиятли томони, мониторинг ташрифларида ОАВ ходимлари ҳам иштирок этиб, уларга пенитенциар муассасалардаги шароитларни ўз кўзи билан кўриш, маҳкум ҳамда маҳбуслар билан мулоқот қилиш учун имконият яратилди. Мониторинг ташрифлари давомида аниқланаётган камчиликлар юзасидан таҳлилий маълумот ва ахборотлар, хулоса ва тақдимномалар ҳамда талабномалар тайёрланиб, мутасадди вазирлик ва идораларга кўриб чиқиш учун юборилмоқда», - деб ёзади «The Korea Post».
«Дунё» АА