Ўзбекистонда Наврўз билан боғлиқ анъаналар ва урф-одатлар Польшада тақдим этилди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Варшава университетида туркий тилли давлатлар дипломатик ваколатхоналари вакиллари иштирокида маънавий-маърифий анжуман бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркиянинг Польшадаги элчихоналари вакиллари, шунингдек, Халқаро туркий маданият ва мерос фонди, Варшава университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва талабалар қатнашди.
Халқаро туркий маданият ва мерос фонди президенти Актоти Раимқулова Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг туркий маданиятни ривожлантириш ва сақлаш соҳасидаги фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берди. Аъзо мамлакатларнинг маданий алмашинув, тарихий меросни сақлаш ва туркий халқлар анъаналарини халқаро майдонда оммалаштириш борасида эришган муҳим ютуқлари таъкидланди.
Ўзбекистоннинг туркий дунё маданий меросини сақлаш ва ривожлантиришдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Туркология факультети талабаси Александр Козел Ўзбекистонда Наврўз байрамининг нишонланишига оид маъруза қилди. У ушбу қадимий байрам ҳақида батафсил тўхталиб, унинг ўзбек халқи учун аҳамиятини алоҳида қайд этди. Наврўзни нишонлаш билан боғлиқ асосий анъаналар, жумладан, баҳорий миллий таомларимиз сумалак, кўк сомса тайёрлаш, варрак учириш ва халқ сайиллари ўтказиш урф-одатлари тилга олинди.
Шунингдек, учрашув давомида туркий адабиётни сақлаш ва оммалаштириш мавзуси, жумладан, сўз мулкининг султони Алишер Навоий мероси, хусусан унинг асарлари туркий халқларнинг маданий ўзлигини шакллантиришдаги аҳамияти қайд этилди.
Ўз навбатида, туркология факультети талабалари туркий маданий меросини ўрганишни давом эттириш ва ўз билимларини чуқурлаштириш ҳамда туркология соҳасида халқаро академик алмашинув дастурларида фаол иштирок этишга катта қизиқиш билдирдилар.
Иштирокчиларга Самарқанд, Хива ва Бухоро каби тарихий шаҳарларнинг туризм имкониятларига бағишланган материаллар тақдим этилди.
Учрашув якунида туркий маданият, тарих ва ўзбек тилини ўрганишга қаратилган қўшма ташаббуслар, илмий лойиҳалар ва таълим дастурларини амалга оширишга келишиб олинди.
Агнешка Стружинска, Варшава университети талабаси:
– Бугунги тадбир иштирокчиси бўлганимдан ғоятда мамнунман ва бу ерда бўлиш мен учун катта шараф. Ушбу ажойиб тадбир – Наврӯз шукуҳини ҳис қилиш, унинг анъаналари ва қадриятларини чуқурроқ англаш учун яхши имконият бўлди. Шунингдек, нафақат ўзбек маданияти ва миллий таомлари билан танишиш, балки ушбу байрамнинг мазмун-моҳиятини янада чуқур ҳис қилиш бахтига муяссар бўлдим.
Шу муносабат билан, ушбу тадбирни ташкил этган барча инсонларга, хусусан, Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонасига самимий миннатдорлик билдираман. Сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз ва меҳнатингиз туфайли бугунги байрам илиқ ва ёрқин таассуротларга бой тарзда ўтди.
Ян Рогала, Варшава университети шарқшунослик факультети Туркология кафедраси мудири:
– Бугун биз учун ноёб имконият – Туркий мерос жамғармаси президенти ва туркий дунё элчихоналари вакилларини, жумладан, бу ерда қатнашган Ўзбекистон дипломатик миссиясини меҳмон сифатида қабул қилиш бахти насиб этди. Биз жуда самарали учрашув ўтказдик, унда сермаҳсул мулоқот ва муҳокамалар бўлди. Шунингдек, талабалар Наврўз байрамига бағишланган махсус тақдимотлар билан чиқишди.
Фурсатдан фойдаланиб, кириб келаётган Наврўз айёми билан барчани самимий қутлайман.
Александ Козел, Варшава университети талабаси:
– Мен туркий тилларни ўрганяпман. Ушбу тадбирда "Ўзбекистонда Наврўз" мавзусида тақдимот қилдим. Университетимиз вакиллари ва тадбир меҳмонларига Наврўзнинг Ўзбекистонда қандай нишонланиши ҳақида гапириб бердим.