“Ўзбекистондан чиққан буюк алломалар Яратганнинг марҳаматидир”
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Халқаро ислом академияси вакилларидан иборат делегация Франция мусулмонлари кенгашида учрашув ўтказди. Суҳбат давомида франциялик мусулмонлар ҳамжамияти раҳбариятига юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Ибн Сино каби буюк алломаларимиз хоки ётган қадамжоларни обод этиш, илм-маърифат ва одоб-ахлоққа чақирувчи табаррук асарларини таржима қилиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.
Айтиш мумкинки, Франция мусулмонлари кенгаши мамлакатдаги энг йирик мусулмонлар уюшмаси бўлиб, унинг таркибига турк, араб ва Африка мусулмонлари ассоциациялари киради. Кенгаш ҳузурида исломнинг мусаффолигини сақлаш бўйича махсус бўлим фаолият юритади.
Франция мусулмонлари кенгаши аъзоси Абдуллоҳ Зекрий Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ривожидаги тарихий ўрни ва аҳамиятини юксак баҳолаб, жумладан, қуйидагиларни таъкидлади: “Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлар бутун мусулмон дунёсининг гавҳари ҳисобланади. Мен кўплаб ўлкаларга саёҳат қилганман, лекин Самарқанддек дурдона шаҳарни кўрмаганман. Бутун дунё мусулмонлари Самарқандга боришни, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилишни орзу қилади”.
Франция мусулмонлари кенгаши аъзоларининг қайд этишича, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси каби янги муассасалар муқаддас динимиз номидан турли бузғунчилик ва қўпорувчиликлар содир этилаётган бугунги мураккаб бир даврда нафақат ўзбек халқи, балки бутун дунё мусулмон уммати учун катта фойда келтиради.
“Ўзини мусулмонман деган киши борки, Имом Бухорийни ҳурмат қилади. Демакки, Бухорий юрти бўлмиш Ўзбекистонга юксак эътибор кўрсатади. Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Имом Доримий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Насафий, Абу Лайс Самарқандий, Бурҳониддин Марғиноний каби аллома дарғалар Аллоҳ таолонинг чексиз марҳаматидир”, - деди Комор ва Ғарбий Африка мусулмонлари федерацияси бош котиби Ассоний Фассосий.
Иштирокчилар Ўзбекистонни зиёрат қилиш, буюк алломаларимиз меросига бағишланган халқаро конференцияларда иштирок этиш истагида эканини билдирдилар. Йиғилиш қатнашчиларида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасидаги бой тажрибаси, ушбу йўналишда хорижлик сайёҳларга яратилаётган қулай шароит ва имкониятлар катта таассурот қолдирди.
“Жаҳон” AA