Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов: Мамлакатимиз халқаро ташкилот фаолиятининг барча жабҳаларида фаол иштирок этмоқда

SHAVKAT MIRZIYOYEV Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O’zbekistonning Investitsion Salohiyat Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов: Мамлакатимиз халқаро ташкилот фаолиятининг барча жабҳаларида фаол иштирок этмоқда

Янги 2021 йил Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолияти, шу жумладан, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлиги учун самарали бўлиши кутилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти — мамлакатимиз 1992 йил март ойида аъзо бўлган энг йирик халқаро ташкилотдир. Ўзбекистон ўтган йиллар давомида мазкур нуфузли тузилма ва унинг ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорлик кўламини кенгайтириб келмоқда. БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида мамлакатимиз ваколатхонаси фаолият олиб боради. Уни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили, элчи Бахтиёр Ибрагимов бошқаради.

«Дунё» АА мухбири Наргис Сайдалиева дипломат билан 2020 йил амалга оширилган ҳамкорлик натижалари ва 2021 йилдаги ўзаро алоқаларнинг асосий йўналишлари ҳақида суҳбатлашди.

— Бахтиёр Неъматжонович, 2020 йил бутун дунё, жумладан, Ўзбекистон учун синовли келди. Бироқ мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, ўтган йил мамлакатимиз халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликда салмоқли самараларга эришди. Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангани, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни қабул қилиш бўйича ва бошқа ташаббусларнинг қўллаб-қувватлангани муҳим воқеа бўлди. Ушбу натижаларга қандай эришилгани ва янги йилда кўзланган мақсадларга эришиш йўлида қандай чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилаётгани ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Давлатимиз раҳбари 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида БМТ, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий тузилмалар билан яқин ҳамкорликни ривожлантириш масалалари доимо диққат марказида бўлишини яна бир бор таъкидлади. Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган очиқ, ташаббускор ва конструктив ташқи сиёсатнинг изчиллиги, шунингдек, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг ортга қайтмаслиги ва давомийлиги халқаро майдондаги муваффақиятларимиз гаровидир.

Сўнгги тўрт йил давомида Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари фаолиятидаги иштироки изчиллик суръатини касб этди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72 ва 75-сессияларидаги иштироки ўзаро муносабатларни ривожлантиришда тарихий босқич бўлди. Давлатимиз раҳбари халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш, эпидемия ва пандемияларга қарши биргаликда курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик офатларни юмшатиш, парламентлар ролини ошириш ва бошқа соҳалар бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Бугун ўзаро ҳамкорлик кун тартиби сезиларли даражада кенгайтирилди, юқори даражадаги мунтазам мулоқот йўлга қўйилди ва давом эттирилмоқда, Ўзбекистоннинг глобал ташаббусларини амалга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2016 йилдан буён Марказий Осиёда барқарор тараққиётни таъминлаш, минтақада туризмни ривожлантириш, таълим ва диний бағрикенглик тўғрисида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган учта резолюциянинг қабул қилиниши мамлакатимиз саъй-ҳаракатларининг халқаро миқёсдаги эътирофи бўлди. Бундан ташқари, БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг шахсий кўмаги туфайли Оролбўйи минтақаси учун Кўпшериклик траст фондининг фаолияти йўлга қўйилди.

2020 йил октябрь ойида Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангани тарихий воқеа бўлди. Мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал кун тартибини шакллантиришда иштирок этиш бўйича интилишини аксарият давлатлар қўллаб-қувватлади. 169 та давлат Ўзбекистон номзоди учун овоз берди - бу Осиё-Тинч океани гуруҳидаги номзод мамлакатлар орасида энг юқори натижа бўлди.

Ўзбек дипломатияси тарихидаги ушбу улкан муваффақият давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси, мамлакатни тубдан янгилаш, сиёсий жиҳатдан барқарор ва иқтисодий жиҳатдан ривожланган янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг кўламли ва серқирра дастури самарасидир. Шу билан бирга, бу Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг энг юқори стандартларини амалга оширишга қўшган муносиб ҳиссасининг дунё миқёсидаги эътирофидир.

Биз Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ишлаб чиқиш ва келишиш бўйича музокаралар жараёнини бошлаш учун фаол иш олиб бормоқдамиз. Давлатимиз раҳбари томонидан ўз вақтида илгари сурилган ушбу долзарб ташаббус БМТга аъзо давлатлар делегациялари ва халқаро экспертлар ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Жорий йил ташкилот доирасида мазкур ҳужжатни тарғиб қилиш бўйича «Дўстлар гуруҳи»ни тузишни якунлаб, концептуал қоидаларни ишлаб чиқиш йўлидаги қўшма тадбирларни бошлаймиз ҳамда бошқа аъзо давлатларни ушбу ишларга сафарбар қиламиз.

Табиийки, Ўзбекистон қўлга киритилган ушбу маррада тўхтаб қолмайди. Балки БМТ фаолиятига янада кўпроқ ҳисса қўшиш, халқаро кун тартибидаги масалаларни ҳал қилишда унинг ихтисослашган муассасалари ва аъзо давлатлар билан яқин шерикликни мустаҳкамлашга содиқ қолади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган ташаббуслар ва таклифлар, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл хариталари»ни амалга ошириш бўйича изчил ишлар давом эттирилади. Бу саъй-ҳаракатлар кўп қиррали муносабатларнинг кенг кўламли масалаларини қамраб олган.

— Ўзбекистон ва БМТ деярли барча соҳаларда яқин ҳамкорлик ўрнатган. Хусусан, ижтимоий-иқтисодий, давлат бошқаруви, экология ва бошқа йўналишларда лойиҳалар амалга оширмоқда. Доимий ваколатхонанинг ушбу жараёндаги роли ҳақида нима дея оласиз?

— Ўзбекистон БМТ билан ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш тарафдори. Зеро мазкур ташкилот глобал хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланишга кўмаклашиш, замонамизнинг энг мураккаб муаммоларини ҳал қилиш бўйича ягона универсал халқаро тузилмадир.

БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари билан фаол ҳамкорлик қилиш Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига тўла жавоб беради. Бу иқтисодиётни модернизация қилиш, озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, жамиятни янада демократлаштириш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш жараёнида ташкилотнинг улкан салоҳиятидан фойдаланиш имкониятини тақдим этади.

Ўзбекистон раҳбари томонидан БМТ билан ҳар томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш, уни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича белгиланган вазифалар ижроси доирасида Доимий ваколатхона вазирликлар ва идоралар, шунингдек, БМТ агентликлари ва уларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан биргаликда ташкилот билан ўзаро алоқаларни фаоллаштириш бўйича тизимли чора-тадбирларни кўрмоқда.

БМТ агентликлари томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясига катта қизиқиш билдирилди. Натижада БМТ Тараққиёт дастури салкам 25 миллион доллар миқдорда донорлик маблағини жалб қилишга муваффақ бўлди. Ўтган йили ушбу маблағлардан 14 миллион доллардан зиёди экология, энергетика, гендер тенглиги, адлия, муносиб меҳнат, институционал ривожланиш соҳаларида 33 та дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилди.

Ушбу мувофиқлаштирилган уч томонлама қўшма саъй-ҳаракатлар жараёнида ўзаро англашув бўлмаганида бундай муҳим натижаларга эриша олмаслигимизни таъкидлашни истайман. Дипломатик ваколатхонамиз БМТ раҳбарияти ва унинг барча даражадаги ихтисослашган тузилмалари билан сиёсий мулоқотни амалга ошириб, уни ривожлантирмоқда, ушбу тузилмаларнинг Ўзбекистон вазирликлари ва идоралари билан яқин ва конструктив ҳамкорлик қилиши учун қулай шароит яратмоқда ва ёрдам бермоқда.

Доимий ваколатхона томонидан амалга оширилаётган БМТ раҳбарияти ва аъзо давлатларни Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлар натижалари, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши билан таништириш, шунингдек, миллий шерикларга БМТ тузилмалари қарорларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, шундан келиб чиқиб дастурий ва лойиҳавий фаолиятга ўзгартиришлар киритиш, ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини аниқлашда кўмак бериш бўйича ишлар муҳим аҳамиятга эга.

— Бахтиёр Неъматжонович, БМТдек энг салоҳиятли халқаро платформада Ўзбекистонга муносабат қандай, мамлакатимиз қиёфасида рўй бераётган туб ўзгаришлар, унинг ички ва ташқи сиёсати қандай қабул қилинмоқда?

— Бугун БМТда Ўзбекистонга катта эътибор қаратилмоқда. Бу мамлакат раҳбариятининг очиқ, конструктив ва чуқур ўйланган ташқи сиёсати туфайли республиканинг халқаро миқёсдаги фаолиятининг сезиларли даражада фаоллашгани билан боғлиқ. Давлатимиз раҳбари томонидан БМТнинг юқори минбаридан илгари сурилган ташаббуслар дунё ҳамжамияти томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда ва глобал тинчлик, барқарор ривожланиш ва минтақавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга муҳим амалий ҳисса қўшмоқда.

Ўзбекистоннинг БМТ доирасида минтақавий хавфсизлик, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва мамлакат иқтисодиётини қайта тиклаш, экологик муаммоларни ҳал қилиш, хусусан Орол инқирози оқибатларини юмшатиш, динлараро бағрикенгликни таъминлаш ва ёшлар учун қулай шароит яратиш бўйича муҳим ташаббусларни илгари суриш бўйича мисли кўрилмаган фаолияти юқори баҳо олмоқда.

Ўзбекистоннинг терроризм ва экстремизм таҳдидларига қарши курашиш, шунингдек, замонамизнинг ушбу ҳодисалар билан боғлиқ бўлган янги муаммоларига ечим топиш бўйича саъй-ҳаракатлари ва ташаббуслари эътироф этилмоқда. БМТ экспертлари ва аъзо давлатлар делегациялари мамлакатимизнинг Сурия ва Ироқдан аёллар ва болаларни қайтариш бўйича “Меҳр” туркум операцияларини ташкил қилиш, шунингдек уларни тиббий ва ижтимоий реабилитациядан ўтказиш бўйича муваффақиятли тажрибасини катта қизиқиш билан ўрганмоқда.

Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги объектив ютуқлари халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилиш, ижобий тажрибамизни ўрганиш ва тарқатишга бўлган қизиқишини оширмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми, шунингдек, «Ўзбекистон ва БМТ: Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги ҳамкорлик» ва «БМТнинг 75 йиллиги: келажакка назар» туркум глобал мунозаралар ўтказилгани Ўзбекистоннинг глобал сиёсат ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги роли ошиб бораётганлигининг ёрқин далили бўлди.

Ҳамкорликнинг янги муҳити самарасида Ўзбекистон БМТ фаолиятининг барча жабҳаларидаги жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланди. Бу эса аъзо давлатларнинг республикамиз билан муносабатларига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Мамлакатимиз саъй-ҳаракатлари БМТ раҳбарияти томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар сайёрамизда тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга қаратилган барқарор ривожланиш бўйича глобал мақсадларга тўлиқ мос келаётгани бунга сабаб бўлмоқда.

/«Дунё» АА/.