Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида "Халқаро парламент кечаси" бўлиб ўтди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Халқаро ҳамкорлик ва парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида "Халқаро парламент кечаси" тадбири ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мамлакатимиз элчихонаси ва "International Fire and Rescue Confederation e.V. (FRC)" уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Германия иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги парламент давлат котиби Йоханн Заатхофф, Бундестаг депутатлари, сиёсий ва иқтисодий доиралар вакиллари, журналистлар, шунингдек, Германия Бундестагининг Халқаро парламент стипендияси (IPS) бўйича таҳсил олаётган ватандошлар қатнашди.
Тадбирнинг очилиш қисмидаги нутқида элчи Дилшод Ахатов меҳмонларни қутлар экан, уларни Ўзбекистоннинг тарихий ўрни ва унинг бугунги халқаро майдондаги мавқеи, юртимизда ҳаётга тадбиқ этилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва эришилаётган юқори натижалар, "Ўзбекистон – 2030" стратегиясида белгиланган асосий устувор йўналишлар бўйича амалга оширилаётган ишлар, шунингдек сўнгги йилларда жадал ривожланиб бораётган Ўзбекистон-Германия икки томонлама муносабатлари ҳақида сўзлаб берди.
"FRC" уюшмаси президенти Лотар Хюген ассоциациянинг фавқулодда вазиятлар соҳаси инфратузилмаларини яратиш, қутқарув хизмати соҳаси мутахассислари малакасини ошириш, шаҳарсозлик, иқлим ўзгаришига қарши биргаликда курашишда юртимиз тегишли идоралари билан ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
"German Economic Team" Германия иқтисодий гуруҳи тадқиқот маркази раҳбари ўринбосари Роберт Кирхнер узоқ йиллардан буён иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳаларда фаол иштирокини қайд этиш баробарида, Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади. "Ўтган даврда дунёда юз берган иқтисодий инқироз, пандемия йилларида ҳам Ўзбекистон иқтисодиётида ўсиш кузатилгани ва сўнгги йилларда 6 фоиздан ортиқ ўсиш кўрсаткичлари билан барқарор ривожланмоқда. Нафақат иқтисодий, балки сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда ҳам катта ютуқларга эришилаётгани, Марказий Осиёнинг иқтисодий интеграциялашувида Ўзбекистоннинг роли юқори", деди у.
Германия-Ўзбекистон жамияти президенти Колин Дюркоп жамият 35 йилдан буён икки томонлама муносабатларни халқ дипломатияси орқали ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келаётгани таъкидлади. Шунингдек, у биргаликдаги амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида йиғилганларга айтиб берди.
Тадбир доирасида замонавий ўзбек рассомларининг асарлари кўргазмаси ташкил этилди. Меҳмонларни мамлакатимизнинг туризм салоҳияти билан яқиндан таништириш мақсадида видеолавҳа намойиш қилинди ва тарқатма материаллар тақдим этилди.
Роберт Кирхнер, "German Economic Team" Германия иқтисодий гуруҳи ташкилоти раҳбарининг ўринбосари:
– Бугунги тадбир Германияда янги сайланган парламент аъзолари билан узвий алоқаларни ўрнатиш, уларнинг Ўзбекистон билан яқиндан таништириш учун зарур ва муҳим имконият бўлди. Шу сабабли, бундай тадбирнинг аҳамияти юқори. Кўплаб қизиқарли маърузаларни муҳокама қилдик. Мен кўп йиллардан буён Ўзбекистонда иқтисодий маслаҳатчи сифатида иш олиб бораётган мутахассис сифатида, республиканинг ҳақиқатан ҳам иқтисодий динамик ривожланиб бораётган ҳолати, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида эришилаётган жадал иқтисодий ўсиш суръатлари ҳақида маъруза қилдим. Бу жуда ижобий ўзгаришлардир.
Фикримча, бу германиялик иштирокчилар – бизнес вакиллари учун ҳам қизиқарли бўлди ва уларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишларини янада оширди.
Колин Дюркоп, "Германия-Ўзбекистон" дўстлик жамияти президенти, "Дўстлик" ордени соҳиби:
– Мазкур тадбир икки мамлакат ўртасида парламентлараро муносабатлар, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида ўзаро фикр ва тажриба алмашиш платформа вазифасини бажарди. Анжуманда Германия-Ўзбекистон жамияти вакили сифатида иштирок этиш мен учун катта шараф бўлди. Бугун дунёга очилиб, ҳайратомуз суръатларда ривожланиб бораётган, иқтисодий катта ютуқларга эришаётган Ўзбекистондаги ислоҳотларда иштирок этаётганимиздан жуда мамнунмиз.
Жужа Барна-Йожшиц, Иқтисодий масалалар бўйича эксперт, доктор:
– Германиянинг автомобилсозлик саноати экспорти соҳасида узоқ йиллар давомида МДҲ давлатлари, шу жумладан Ўзбекистон билан яқиндан ишлаганман.
Бугунги тадбир парламент аъзолари, турли иқтисодий уюшмалар иштироки билан ҳам жуда муваффақиятли бўлди.