Ўзбекистоннинг тинчликпарвар ташқи сиёсати. Янги таҳрирдаги Конституция бу борадаги эзгу қадриятларимиз давомийлигига хизмат қилади
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Мамлакатимизда янги таҳрирдаги Конституция юзасидан ўтказиладиган референдумга тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Жойларда ушбу муҳим сиёсий воқеликка бағишланган турли тадбирлар бўлиб ўтмоқда, уларда минглаб фуқароларимиз иштирок этиб, Конституцияга киритилган янги нормаларнинг мазмун-моҳияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлмоқда.
Жумладан, Конституциямизнинг 17 ва 18-моддаларига ҳам муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқдаки, улар мамлакатимиз ташқи сиёсати конституциявий асосларини янада мустаҳкамлаш билан боғлиқдир.
Маълумки, амалдаги Бош қонунимизнинг 17-моддасида Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти экани, унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегаралар бузилмаслиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатлар ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланиши қатъий белгилаб қўйилган. Эътироф этиш лозимки, ўтган йиллар мобайнида Бош қонунимизда муҳрлаб қўйилган ушбу ҳаётбахш норма асосида мамлакатимизнинг ташқи сиёсати изчил ривожланди. Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро жараёнлардаги иштироки сезиларли даражада юксалди. Мамлакатимиз ўзининг изчил, прогрессив ва тинчликпарвар ташқи сиёсати билан халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлмоқда.
Шу ўринда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва принциплари ҳақида тўхталиб, шуни таъкидлаш жоизки, ушбу норма ва принциплар Ўзбекистон Республикаси қўшилган бир қатор халқаро шартномалар мажбуриятларидан келиб чиқади. Улар халқаро ва давлатлараро ташкилотлар таъсис ҳужжатларида, низомларида ва бошқа халқаро ҳужжатларда ўз аксини топган. Халқаро ҳамжамият томонидан шу пайтга қадар ўндан ортиқ норма ва принциплар ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг асосий манбалари сифатида БМТ низоми (1945), Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси (1948) Халқаро ҳуқуқ принциплари тўғрисидаги декларация (1970), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгашининг якунловчи акти (1975) каби ҳужжатларни санаб ўтиш мумкин.
Юқоридагилардан келиб чиқиб амалдаги Конституциямизнинг 17-моддаси “давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги”, деган янги принцип билан бойитилди: “Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик принципларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа принцип ва нормаларига асосланади”. Шу ўринда ушбу янги принцип нима сабабдан айнан ҳозир киритилмоқда, нега шу пайтгача Конституцияда ўз аксини топмаган, деган савол туғилади.
Бунга жавобан таъкидлаш жоизки, амалдаги Конституциямиз бундан 30 йил олдин қабул қилинган бўлиб, ўша пайтда давр ҳам, вазият ҳам тамомила бошқача бўлган. Биз анча мураккаб давр бўлган мустақиллигимизнинг илк йилларида Конституцияни қабул қилганмиз. Ўша пайтда давлат ва жамият олдида турган устувор мақсад ва вазифалар кўлами ҳам бошқача бўлиб, асосий вазифа эндигина қўлга киритилган мустақилликни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш, тоталитар совет тузумининг оғир асоратларини бартараф қилиш, миллий давлатчиликни барпо этиш эди. Бинобарин, бундай шароитда бир қатор муҳим масалалар Бош қонунимизга кирмай қолган эди. Хусусан, 17-моддада акс этган ҳалқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва принциплари ҳам тўлиқ бўлмаган.
Ҳозирда эса Конституциямизни замон талабларига ва руҳига мослаштириш, унга халқаро ва миллий тажриба асосида зарур ўзгартиришлар киритиш давр тақозосига айланди. 17-моддага киритилаётган халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принципларидан бири бўлган давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги принципи ҳар қандай давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий мустақиллигига қарши куч ишлатиш ёки куч ишлатиш билан таҳдид қилишни тақиқлайди. Мазкур принцип халқаро ҳуқуқий амалиётда БМТ низомининг қабул қилиниши билан ўрнатилди ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда ўз аксини топди.
Ушбу принцип кейинчалик 1975 йилда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгашининг якунловчи актида ҳам ўзининг тўлиқ ифодасини топган бўлиб, унда қуйидагилар қайд этилган: “Иштирокчи давлатлар ҳар бир иштирокчи давлатнинг ҳудудий яхлитлигини эътироф этади. Улар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти уставининг мақсад ва тамойилларига зид равишда бирор бир иштирокчи давлатнинг ҳудудий яхлитлиги, сиёсий мустақиллиги ёки бирлигига қарши ҳар қандай ҳаракатлардан, хусусан, куч ишлатиш ёки куч ишлатиш билан таҳдид қилишдан ўзларини тияди. Иштирокчи давлатлар бир-бирининг ҳудудини ҳарбий оккупация қилишдан ёки халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда куч ишлатишнинг бошқа бевосита ёхуд билвосита чораларини қўллаш ёки бундай чоралар билан таҳдид қилиш орқали қўлга киритиш объектига айлантиришдан ўзларини тияди. Бундай турдаги ҳеч қандай оккупация ёки қўлга киритиш қонуний деб тан олинмайди”.
Юқоридаги принципдан ташқари, амалдаги Конституциямизнинг 17-моддаси 2-қисми янада тўлдирилган ҳолда янги – 18-моддада қуйидагича баён этилмоқда: “18-модда. (Биринчи қисм) Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширади. (Иккинчи қисм) Ўзбекистон Республикаси давлатнинг, халқнинг олий манфаатларидан, унинг фаровонлиги ва хавфсизлигидан келиб чиққан ҳолда иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ҳамда улардан чиқиши мумкин”.
Конституцияга киритилаётган ушбу янги норма биз учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлиб, у, бир тарафдан, мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ҳозирги вазмин, изчил, прогрессив, конструктив ва тинчликсевар ташқи сиёсатга тўлиқ мос келади. Иккинчидан, Ўзбекистоннинг дунёга очиқлигини, олдиндан башорат қилиш мумкин бўлган давлат эканини ва узоқ-яқиндаги давлатлар билан ҳамкорлик учун ҳамиша тайёрлигини ўзида яққол мужассам этади. Ушбу норма хорижий шерикларимиз билан муносабатларда сўнгги 5-6 йилдан буён эришган ютуқларни сақлаб қолиш ва янада мустаҳкамлаш имконини беради.
Халқаро шартномалар – миллий ҳуқуқ
тизимининг ажралмас қисми
Янги таҳрирдаги Конституциямизда халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат сифатида қатор янги нормалар мустаҳкамлаб қўйилмоқдаки, уларнинг замирида мустақиллигимизни асраб-авайлаш ва уни янада мустаҳкамлаш, келажак авлодларга озод ва эркин Ватан қолдириш, халқ манфаатлари йўлида кўзланган ислоҳотлардан ортга қайтмаслик, қонун ва адолат устуворлиги, инсонга эътибор ва ғамхўрлик каби муҳим қадриятлар мужассам. Ана шундай нормалардан бири 15-модданинг учинчи ва тўртинчи қисмига киритилаётган қўшимчалар бўлиб, уларга кўра Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми сифатида мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Шу билан бирга, агар халқаро шартномада қонунларда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса халқаро шартнома қоидалари қўлланилиши белгиланмоқда.
Мазкур қўшимчалар амалдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддаси талаблари ва айниқса хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда киритилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг миллий ҳуқуқ тизими таркибий қисми сифатида белгиланиши ушбу ҳужжатлар нормалари тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, судлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа давлат органлари, фуқаролар халқаро шартномалар нормаларига тўғридан-тўғри таянган ҳолда ўз фаолиятини ташкил этади.
Юқоридаги норма халқаро конституциявий тажрибага ҳам тўлиқ ҳамоҳанг бўлиб, қатор давлатлар конституцияларида мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, Франция, Германия, Испания, Словения ва бошқа давлатлар конституциявий амалиётида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари миллий ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми экани белгиланган.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида миллий қонунчилигимизда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилишига оид қоиданинг белгиланиши эса бевосита халқаро ҳуқуқнинг “Pacta sunt servanta”, яъни “шартномалар бажарилиши лозим” тамойилидан келиб чиқади. Ушбу тамойил БМТ устави ҳамда Халқаро шартномалар ҳуқуқи тўғрисидаги Вена конвенциясида мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, унга мувофиқ давлатлар халқаро шартномаларга кўра ўз зиммасига олган мажбуриятларни виждонан бажариши шарт.
Таъкидлаш жоизки, халқаро шартномалар халқаро ҳуқуқнинг турли субъектлари, хусусан, давлатлар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ёки бошқа соҳаларга оид ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб берадиган келишув бўлиб, улар икки томонлама ва кўп томонлама шартномаларга бўлинади. Кўп томонлама шартномаларнинг ҳам, ўз навбатида, очиқ ва ёпиқ турлари мавжуд бўлиб, очиқ халқаро шартномага бошқа давлатлар ҳам бемалол қўшилиши мумкин. Ёпиқ халқаро шартномага эса бошқа давлатлар ушбу халқаро шартнома иштирокчиларининг розилиги билангина қўшилиши мумкин.
Халқаро шартномаларнинг номлари ҳам турли-туман бўлиб, уларга шартнома, битим, конвенция, пакт, декларация, меморандум, статут, баённома, низом ва бошқаларни киритиш мумкин. Халқаро шартномалар муддати тугаганидан сўнг тарафларнинг ўзаро келишуви асосида унинг муддати узайтирилиши ёки денонсация йўли билан амал қилишдан тўхтатилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан буён халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида 3000 дан ортиқ турли-туман халқаро шартномага қўшилди. Халқаро шартномаларни тузиш, ижро этиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги қонуни 1995 йилда йилда қабул қилинди ва 2019 йилда янгиланди.
Албатта, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг миллий ҳуқуқ тизимнинг таркибий қисми сифатида конституцивий даражада белгиланиши, бир томондан, давлатимизнинг ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга содиқлигини билдириб, халқаро миқёсда ишончли ҳамкор сифатида намоён бўлишига хизмат қилса, иккинчи томондан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари нафақат миллий қонунчилик, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳимояланишини таъминлайди.
Қодир Жўраев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари