Янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича киритилаётган янги нормалар Жанубий Корея ОАВ нигоҳида
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Жанубий Кореянинг етакчи нашрларидан бири «The Korea Post» журнали расмий веб-сайтида юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Зарина Исроилова қаламига мансуб «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти» сарлавҳали мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«Инсон ўз ҳуқуқлари ҳимояси таъминланган жамиятда ўзини эркин ҳис қилади. Эркин инсон эса мақсад сари, жамият ривожига ҳисса қўшиш сари куч билан, ишонч билан олға интилади,- деб ёзади муаллиф. - Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозимлигига эътибор қаратилгани ва бу конституциявий ислоҳотлар жараёнида эътиборга олингани диққатга сазовор».
Нашрда қайд этилганидек, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини тўла таъминлаш бевосита суд-ҳуқуқ тизимига боғлиқ. «Шу боис Ўзбекистонда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўп ишлар қилинмоқда. Соҳада ўзига яраша муаммолар ҳам йўқ эмас. Буларга барҳам бериш, ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилмоқда. Энг муҳими, бу йўналишда реал натижага эришиш учун конституциявий асослар мустаҳкамланмоқда», деб таъкидланади материалда.
Мақолада «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга устувор аҳамият қаратилгани маълум қилинган.
Инсон ҳуқуқининг таъминланиши малакали юридик ҳимоя билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи Конституцияда акс эттирилмоқда, дейилади манбада.
Муаллиф эндиликда ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланишини алоҳида қайд этади. Унга кўра, қонунда назарда тутилган ҳолларда, юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.
«Ҳуқуқбузарликлардан жабрланганлар ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга ҳимояланишни ва одил судловдан фойдаланишни таъминлайди, уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратади. Конституцияда адвокатура учун алоҳида боб пайдо бўлаётгани тарихий аҳамиятга эга. Зеро, бу орқали айблов ва ҳимоянинг том маънода тенглигини таъминлашнинг мустаҳкам конституциявий асослари яратилмоқда», деб таъкидлайди ҳуқуқшунос.
Нашрда, шунингдек, Конституцияда белгиланаётганидек, жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатиши назарда тутилаётгани, Адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланиши, Адвокатура фаолиятини ташкил этиш ва унинг тартиби қонун билан белгиланиши ҳақидаги маълумотлар ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган.
Бундан ташқари, муалллиф, судлар мустақиллигини таъминлаш Конституцияда мустаҳкамланиб, судларнинг фаолиятини молиялаштириш фақат Давлат бюджетидан амалга оширилиши Конституция билан мустаҳкамланаётганига эътибор қаратган.
«Бу, ўз навбатида, одил судловни тўлиқ ва мустақил равишда амалга ошириш имконини беради. Шу билан бирга, мамлакатда Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олиниши кўзда тутилмоқда. Ўзбекистон Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга ва тўғридан-тўғри амал қилади», деб ёзади «The Korea Post».
СЕУЛ, 20 апрель. /«Дунё» АА/.