Женевадан муносабат: Ўзбекистон бир неча йил ичида демократик ислоҳотларни амалга ошириш, яқин ва узоқ хориж давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали ривожланиш сари юз тутди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Мамлакатимизнинг Женева шаҳридаги БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхонаси томонидан давлатимиз Конституцияси қабул қилинган кунга бағишланган брифинг ва «Ўзбекистон: Марказий Осиё дурдонаси» китобининг тақдимоти бўлиб ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда Женевадаги дипломатик корпуси, халқаро ва нодавлат ташкилотлари, шунингдек, Швейцария оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Брифинг иштирокчиларига «Инсон – жамият – давлат» асосий тамойили ҳамда «Инсон қадри учун» ғоясини тарғиб этишни назарда тутувчи Ўзбекистон Асосий қонунининг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Брифингда Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова маъруза қилди. У ўз чиқишида янгиланган Конституциямизнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини иштирокчиларга батафсил тушунтириб берди.
Конституцияга киритилган ўзгартишлар Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилгани, унда инсон ҳуқуқ ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, унинг ижтимоий ҳимояси ва иқтисодий фаровонлигини таъминлаш кафолатлари Асосий қонун даражасида мустаҳкамлангани таъкидланди.
Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларида инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ижобий ислоҳотлар қатнашчилар томонидан юқори баҳоланди. Хусусан, Тошкентнинг гендер тенглигини таъминлаш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, фуқаролик жамияти институтлари ва сўз эркинлигини ривожлантириш борасида эришилган ютуқлари алоҳида қайд этилди.
Янгиланган Конституциямизнинг ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилгани асосий тамойил ва ғоялари БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанглиги эътирофга сазовор бўлди.
Брифинг давомида, шунингдек, Женева Дипломатик доираси президенти Роберт Блумнинг «Ўзбекистон: Марказий Осиё дурдонаси» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Роберт Блум швейцариялик таниқли жамоат арбоби ҳисобланади. У маданий-гуманитар ва савдо алоқаларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун АҚШ, Италия, Тунис, БАА, Франция каби қатор мамлакатларнинг давлат ва фахрий мукофотлари билан тақдирланган.
Китоб Женевадаги энг қадимги ноширлик уйларидан бири - «Atar Roto Presse SA» томонидан жорий йилда чоп этилди.
1896 йилда ташкил этилган «Atar Roto Presse SA» ноширлик уйи Женеванинг босма бренди ҳисобланади. Ишлаб чиқариш жараёнининг барча босқичлари уларнинг атроф-муҳитга таъсири нуқтаи назаридан баҳоланади. Шуниси эътиборга лойиқки, ушбу китоб ҳам энг экологик тоза қоғоз ва техникалардан фойдаланган ҳолда босилган.
Роберт Блум кенг дипломатик жамоатчиликка ўз китобини тақдим этар экан, Янги Ўзбекистоннинг сўнгги ривожланиш босқичлари ҳақидаги таассуротлари ва кузатишлари билан ўртоқлашди. Унинг айтишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон халқи ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маданий-маънавий соҳаларида рўй бераётган ўзгаришлар уни гўзал ва бой тарихга эга юртимиз ҳақида китоб ёзишга ундаган.
Муаллиф Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида аҳоли, айниқса, ёшлар ўзининг улкан салоҳияти ва миллат тақдирида иштирок этиш истагини намоён этиш имкониятига эга бўлганини таъкидлади.
Унинг айтишича, Ўзбекистон бир неча йил ичида демократик ислоҳотларни амалга ошириш, яқин ва узоқ хориж давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали ривожланиш сари юз тутди.
Роберт Блум, шунингдек, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг амалга оширилиши мамлакатни демократик, адолатли, мустақил, дунёвий ва фаровон давлатга айлантиришига ишонч билдиради.
Тақдимот якунида муаллиф ушбу китоб француз тилида сўзлашувчи оммага Ўзбекистон, унинг бой маданияти ва улкан салоҳияти ҳақида кўпроқ билиб олиш имконини беришини қайд этди.
Дунё АА