Жиноят ва жиноят процессуал қонунчилигида медиация: халқаро тажриба ва таклифлар
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Мамлакатимиз иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва бошқа муҳим соҳаларида жаҳон стандартларига мувофиқ келадиган янги-янги қонунлар қабул қилинмоқда. Шундай қонунлардан бири 2019 йил 1 январдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонунидир.
Айни қонун қабул қилинишининг зарурати нима эди? Тизимда яна қандай ислоҳотлар қилиниши лозим? Шу каби саволларга Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази жиноят-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири, юридик фанлари номзоди Ғайбулла АЛИМОВ жавоб берди:
– Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази 2019 йил сентябрь ойидан бошлаб мамлакатимизда биринчи бўлиб профессионал медиаторлар тайёрлаш курсларини ўқитиш жараёнини бошлаган эди, – дейди Ғайбулла Алимов. – Ҳозирги кунгача 70 дан ортиқ профессионал медиатор тайёрланди. Бу жараён ҳатто коронавирус пандемияси муносабати билан республика ҳудудида карантин эълон қилинган бўлса-да, давом эттирилмоқда.
Умуман олганда, сўнгги ўн йилликда дунё миқёсида низоларни ҳал этишнинг муқобил кўринишларидан бири сифатида медиация глобал тенденция кўринишида кўплаб мамлакатлар амалиётида турли шаклларда самарали қўлланиб келинади.
Шу боис, ҳозир миллий жиноий процессуал қонун ҳужжатларида медиация процедураларини жорий қилиш ёки қилмаслик масаласи очиқ бўлиб қолаяпти. Ушбу масалани ҳал қилиш учун халқаро тажрибани синчковлик билан ўрганиш керак, чунки бундай тажриба кўплаб мамлакатлар амалиётида мавжуд.
Aйрим давлатларда (масалан, Aвстрия, Германия, Финляндия ва Польшада) медиация тартиблари балоғатга етмаган болаларга нисбатан одил судловга оид алоҳида қонунлар билан тартибга солинади. Бундай ҳолда медиация жараёни судья ёки прокурор томонидан бошланади ва судга муқобил ҳисобланади.
Жабрланувчи ва вояга етмаган ҳуқуқбузар ўртасидаги воситачилик тўғрисидаги қоидалар Aвстрия, Франция, Бельгия, Финляндия жиноят-процессуал қонунчиликларида ҳам, шунингдек, Германия, Финляндия, Польша каби мамлакатлар Жиноят кодексларида акс эттирилган.
Норвегияда эса медиация процедуралари асосан полиция ёки прокурорга юборилган жиноий ишларда олиб борилади. Бироқ бошқа ижтимоий хизматлар, мактаблар ёки манфаатдор томонлар процедурани муниципал хизматлар хизматидан талаб қилишлари мумкин. Aгар келишувга эришилса, унда прокурор томонидан жиноят иши тўхтатилиши кафолатланади. Жабрланувчи ва ҳуқуқбузар ўртасида медиация процедуралари аксарият ҳолларда мулкка нисбатан майда жиноятлар ёки енгил зўравонлик хатти-ҳаракатлари бўйича, қоида тариқасида, биринчи марта вояга етмаган ҳуқуқбузарлар томонидан амалга оширилади.
Буюк Британияда суд медиацияси барча тоифадаги ишларда қўлланилади. Шу билан бирга, жиноий ишнинг иккита муҳим масаласини кўриб чиқиш ўртасидаги вақтда – яъни айбдорлик ва жазо тайинлашгача бўлган даврда жиноятчининг шахси тўғрисида маълумот тўплаш учун етарлича муддат бор. Ушбу босқичда, синов хизмати жабрланувчи ва маҳкум ўртасида медиатор бўлиб, зарарни қоплаш зарурлигига ишонтиради. Медиация медиатив келишув имзоланиши билан якунланса, судья одатда жазо тайинлашда, уни енгиллаштиришда буни инобатга олади. Натижада иккала томон ҳам манфаатдор бўлади.
МДҲ мамлакатларидан Молдова парламенти 2007 йилда "Медиация тўғрисида"ги қонунни қабул қилди. Молдова Республикасида алоҳида қонунга эҳтиёж пайдо бўлишига сабаб Жиноят-процессуал кодексининг фақат биргина 276-моддасида жиноят процессида медиация тўғрисида "Томонларнинг ярашиши медиация ёрдамида ҳам амалга оширилиши мумкин" деган эслатма бор эди, холос.
Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексида тарафларнинг ярашиши ҳуқуқи назарда тутилган. Жиноятчи агарда жабрланувчи соғлиғига жиддий зарар етказилмаган бўлса ёки унча оғир бўлмаган ва биринчи марта ўртача оғирликдаги жиноятни содир қилган бўлиб, оқибатда соғликка ўртача оғирликдаги шикаст ёхуд ўлим каби оқибат келиб чиқмаган бўлса ҳамда етказилган зарар тўлиқ қопланган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади (Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 67-моддаси).
2011 йил 28 январда Қозоғистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги ва “Медиация институти жорий қилиниши муносабати билан Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди. Ушбу қонунларнинг қабул қилиниши Қозоғистонда низоларни ҳал этиш медиацияни татбиқ этиш орқали келишувга эришиш механизми жорий қилинишига олиб келди. Шунингдек, Қозоғистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 88-1-моддасида медиаторнинг мақоми белгилаб қўйилган.
Юқорида келтириб ўтилган хорижий мамлакатларнинг медиация соҳасидаги бой тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят ва Жиноят-процессуал қонунчилигига медиация билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бўлиб қолмоқда.
Хусусан, амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси умумий қисмининг 661-моддаси (Ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш), 87-моддаси (Вояга етмаган шахсларни мажбурлов чораларини қўллаган ҳолда жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш) ва бир қатор одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларни келтириб чиқармаган эҳтиётсизлик орқасидан содир этиладиган жиноят турлари, шунингдек, амалдаги Жиноят-процессуал кодексини медиаторларнинг процессуал мақомини белгилаб берадиган янги моддалар (Медиаторнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари), (Медиация амалиёти қўлланиши муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш) билан тўлдиришни ҳамда ушбу кодексдаги 304-(Мулкий зиённи қоплаш ҳажми), 582-модданинг номи ва матнидаги “Ярашилганлиги” сўзидан кейин “медиация келишувига эришилганлиги”, 583-моддаси номи ва матнидаги “ярашув” сўзларидан кейин “ва медиатив келишув” деган сўзлар билан, 586-моддасини (Суд ажрими) 2-қисмидаги “Суд ажримининг тавсиф қисмида ярашув” деган жумладан кейин “медиация келишуви” деган сўзлар билан тўлдириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
UzA